Ўзбекистонда ишга жойланмаган битирувчилари кўп бўлган ОТМлар фаолияти тугатилиши мумкин
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши, ишга жойланмаган битирувчилари сони кўп бўлган ОТМ сифатсиз таълим бераётган муассаса, деб топилиши ва келажакда уларнинг фаолиятини тугатиш масаласи кўриб чиқилиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Иброҳим Абдураҳмонов олий таълим муассасалари ректор ва масъул проректорлари билан кенгайтирилган онлайн форматда ўтказган йиғилишда республикадаги ОТМларда иқтидорли талабалар рўйхатини тузиш ва улар билан алоҳида ишлаш механизмини йўлга қўйиш масаласида таклифлар берилди.
Шунингдек, йиғилишда қуёш панеллари ОТМнинг йиллик электр энергия сарфининг камида 70 фоизини қоплаши шартлиги таъкидланди ҳамда барча таълим муассасаларига қуёш панелларини ўрнатишга сарфланадиган харажатлар сметасини тузиш бўйича топшириқ берилди.
Аввалроқ Ўзбекистондаги 28 та ОТМ топ-1000 таликка кириш учун даъвогар бўлгани ҳамда Ўзбекистонда абитуриентлар энг кўп танлаган ОТМлар маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди.