Қашқадарёда ҳокимлик ходими 370 млн сўм пора билан ушланди — видео
ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ ҳамда ИЖҚКД вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Яккабоғ тумани ҳокимлиги ходими маҳаллий қурилиш фирмаси вакилидан ноқонуний тарзда 370 миллион сўм олган вақтида ушланди.
Аниқланишича, мазкур шахс Яккабоғ туманидаги иккита мактабгача таълим ташкилотида режалаштирилган 5 миллиард 250 миллион сўмлик капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича лойиҳани тендерда ютиб бериш эвазига ушбу сумманинг 7 фоизини талаб қилган. Бундан ташқари, тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу ноқонуний ишга алоқадор бўлган Яккабоғ тумани мактабгача таълим бўлими ходими ҳам ушланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда пора билан ушланган ҳокимлик ходими ёнидан гиёҳванд модда топилгани, шунингдек, Бухорода давлат ўрмон-ов хўжалиги директори пора билан ушлангани ҳақида хабар берилганди.