Андижонда собиқ ҳоким ёрдамчиси қарийб 120 млн сўмни талон-торож қилди
Андижон вилояти Избоскан туманида имтиёзли кредит маблағларини талон-торож қилган собиқ ҳоким ёрдамчиси аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Избоскан туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда туман ҳокимининг «Қ.» МФЙ бўйича собиқ ёрдамчиси Ж.Т. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, сохта ҳужжатлар орқали 5 нафар фуқаро номига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун жами 119,5 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, ушбу маблағларни Ж.Т. нинг раҳбарлигидаги МЧЖга ўтказиш орқали ўзлаштириб олганликлари аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Мавзуга доир: Тошкентда ҳоким ёрдамчиси 35 минг доллар пора билан ушланди — видео
Аввалроқ Наманганда 15 минг доллар пора талаб қилган ҳоким ёрдамчиси ушлангани, шунингдек, Қашқадарёда кредит маблағларини ўзлаштирган ҳоким ёрдамчиси қўлга олингани ҳамда Жиззахда ҳоким ёрдамчиси 2 минг доллар пора билан ушлангани ҳақида хабар берилганди.