Самарқанддаги шифохонада ўз ҳамкасбларига жароҳат етказган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Шунингдек, ушбу воқеа бўйича эътиборсиз бўлган бир қатор масъулларга жазо чоралари қўлланилган
Аввалроқ 2 февраль куни Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Челак шифохонаси ходимлари ўртасидаги жанжал келиб чиққани ҳақида хабар берилганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан батафсил маълумот берди.
Қайд этилишича, Паяриқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Челак 1-сон шифохонасининг ўрта тиббиёт ходимлари – А.Н. ва Б.Ш. ўртасида ўзаро давом этиб келаётган оилавий келишмовчилик сабаб жанжал юзага келган. Натижада ҳамшира Б.Ш. ва унинг онаси, кичик тиббий ходим М.Д. жиддий тан жароҳати олган. Шундан сўнг жабрланган ҳар икки беморга зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, шу куни мазкур шифохонанинг шошилинч жарроҳлик бўлимига ётқизилган.
Дастлабки текширув натижаларига кўра, ҳамшира Б.Ш.га «Бурун суяги ёпиқ синиши, бурун усти соҳаси урилиб, кесилган жароҳати. Бош мия чайқалиши», кичик тиббий ходим М.Д.га эса «Бурун усти, чап ёноқ соҳаси, чап кўз ички бурчаги урилиб, кесилган жароҳати. Бош мия чайқалиши» ташхиси қўйилган ҳамда белгиланган стандартлар асосида тиббий муолажалар кўрсатилгач, беморлар 11 февраль куни қониқарли аҳволда уйига рухсат берилган.
Ҳозирда ўз ҳамкасбларига тан жароҳати етказишда гумонланаётган фуқаро А.Н.га нисбатан ички ишлар органлари томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ССВ ушбу воқеа бўйича эътиборсиз бўлган ҳамда муассаса ходимлари ўртасида касб этикаси ва мажбуриятларига риоя этиш юзасидан етарлича тушунтириш олиб бормаган бир қатор масъулларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда тегишли жазо чоралари қўлланилганини маълум қилди.
Мавзуга доир: «Бемор ўзи рози бўлиб ъбаракасиниʼ бериб кетади, етмайдими?». Иноятов шифокорларнинг маошлари камлигига жавоб қайтарди — видео
Аввалроқ Андижонда шифокорларнинг айби сабаб беш ёшли қиз вафот этгани, шунингдек, Сурхондарёда ҳамшира аёл фарзанди олдида калтаклангани ҳақида хабар берилганди.