«Тезликни 60 км/соатгача тушириш йилига 600 дан ортиқ инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин» — ПМТИ
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари ўрнатилган максимал тезликнинг пасайиши йўлдаги ҳолатга (транспортнинг ўртача тезлиги) ва йўллардаги ўлим даражасига қандай таъсир қилишини таҳлил қилди.

Институт халқаро миқёсда таҳлил қилиш мақсадида 140 та мамлакатга оид маълумотларни тўплаган. Тадқиқот натижаларига асосланиб, тезликни пасайтириш транспортнинг ўртача тезлигига сезиларли таъсир кўрсатмайди ва йўллардаги ўлим даражасини қисқартиради, деган хулосага келиш мумкин.
Қайд этилишича, шаҳарларда энг юқори тезликни соатига 10 километрга камайтириш ўлим даражасини йилига 0,8 кишига (ҳар 100 минг кишига) камайтиришда ёрдам беради. Ўзбекистон учун бу 614 нафар инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш демакдир.
Энг юқори тезлик ўртача ҳаракат тезлигига сезиларли таъсир кўрсатмайди. Ҳаракат тезлиги ва саёҳат вақтига асосий таъсир этувчи омил йўл инфратузилмасининг сифати ҳисобланади. Қонун устуворлиги (Rule of law) рейтингининг 1 баллга ортиши ҳар йили йўлларда ўлим даражасини 3,3 кишига (ҳар 100 минг кишига) қисқартириши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, ҳар йили йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 1,3 миллион киши ҳалок бўлади ва 20-50 миллион киши жароҳат олади. Шу билан бирга, йўл-транспорт ҳодисалари туфайли жаҳон иқтисодиётига ҳам сезиларли зарар етишини таъкидлаш лозим. «Йўл ҳаракати хавфсизлигига инвестиция қилиш: глобал хусусий сектор мажбурияти» номли тадқиқот натижаларига кўра, бахтсиз ҳодисалар глобал иқтисодиётга йилига 518 миллиард доллар зарар келтиради.
«Бироқ тезликни чеклаш фақат йўл ҳаракати қоидаларини яхшилаш ва тегишли инфратузилма мавжуд бўлса, ижобий таъсир кўрсатади. Бу хавфсизликни таъминлаш ва ўртача тезликни сақлашда муҳим омил ҳисобланади», дейилади хабарда.
Бундан ташқари, паст тезликда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларида оғир жароҳатлар улуши камаяди. Бу соғлиқни сақлаш харажатларини камайтириш ва ҳалокатдан кейин одамларнинг тезроқ соғайишига имкон яратади. Иқтисодий нуқтаи назардан, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида юзага келадиган жароҳатлар натижасидаги зарар паст даромадли мамлакатларда ялпи миллий маҳсулотнинг тахминан 1 фоизига, ўрта даромадли мамлакатларда 1,5 фоизига ва юқори даромадли мамлакатларда 2 фоизига тенг деб ҳисобланади.
Аввалроқ Ўзбекистондаги барча аҳоли пунктларида автомобилларнинг ҳаракатланиш тезлиги соатига 60 километргача туширилиши тўғрисида хабар берилганди. «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан муҳокамага қўйилган Ўзбекистонда 2023 йилги давлат дастури лойиҳасига кўра, 1 июндан бошлаб республиканинг барча аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилиши мумкин.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда янгича тизимда қоидабузар ҳайдовчилар «права»сидан қанча муддатга маҳрум этилиши маълум бўлди
Эслатиб ўтамиз, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши 10 октябрь куни пойтахтнинг Кичик ҳалқа автомобиль йўли ичида жойлашган барча кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини соатига 60 километргача чеклаш тўғрисида қарор қабул қилганди. Кейинроқ Йўл ҳаракати хизмати бошқармаси бу фақат пойтахт кўчаларида жорий этилиши ва у ҳақда махсус комиссиянинг қарори қабул қилингач, тезликни камайтириш бўйича тартиб кучга кириши маълум қилган. Шундан сўнг Бухоро вилояти кенгашининг 66-сессиясида Бухоро шаҳридаги айрим кўчаларда автомобиллар тезлигини чеклаш масаласи кўриб чиқилганди.