Тошкент вилоятида ижтимоий тармоқда аёл номидан профиль очиб, товламачилик қилган йигит ушланди — видео
Сурхондарё вилояти Узун туманида туғилиб, ҳозирда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида яшаб келаётган 22 ёшли йигит ижтимоий тармоқларда аёл кишининг номидан саҳифа очган ҳолда бошқалардан товламачилик йўли билан пул ундирмоқчи бўлди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ахборот хизмати батафсил маълумот берди.
Аниқланишича, Сурхондарёда туғилган ҳамда ҳозирда Тошкент вилоятида яшовчи 22 ёшли шахс ижтимоий тармоқлар орқали аёл кишининг номи ва суратини жойлаган ҳолда ўзига саҳифа очиш орқали АҚШда яшайдиган асли Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидан бўлган фуқаро билан танишиб, у билан аввало дўстона, кейинчалик эса «ишқий муносабатлар»га киришган.
Шундан сўнг йигит товламачилик йўли билан самарқандлик ҳозирда АҚШда яшаётган Ўзбекистон фуқаросидан дастлаб Чирчиқдаги банк бўлими орқали 600 доллар олган. Ушбу пул маблагларига қаноатланмаган 22 ёшли йигит кейинчалик яна 28 минг доллар талаб қилган. Мазкур ҳолат юзасидан олиб-борилган суриштирув натижаларига кўра, товламачининг исм-шарифи ҳамда манзили аниқланган. Натижада Самарқанд вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармаси, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари томонидан Тошкент вилояти ҳудудида ушланган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Тойлоқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир: Андижонда эркакни кийимсиз ҳолда видеога олиб, товламачилик қилган гуруҳ ушланди
Аввалроқ Тошкентда Telegram’да аёл номидан профиль очиб, товламачилик қилган йигит ушланганди.