Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмда ўзини отиб қўйган аскар ўлимида жиноят излари йўқ деб топилди
Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган 20 ёшли аскар вафот этгани бўйича текширув ҳаракатлари ўтказган Тошкент ҳарбий прокуратураси ҳарбий қисмда суткалик наряд ва қурол-яроғни топшириш-қабул қилишда камчиликларга йўл қўйилганини аниқлаган. Бу ҳақда Бош прокуратурага таяниб «Kun.uz» хабар берди.

Аниқланишича, 2023 йил 11 январь куни соат 10:00 да оддий аскар Миржалол Имомов ҳарбий қисм назорат ўтиш пунктида суткалик нарядини ўтаётган вақтида дам олиш хонасига кириб, қурол сақлаш жавонида турган, бошқа бир навбатчи сержантга бириктирилган АК-74 русумли автоматни олган ҳамда қуролдан ўзининг жағ қисмидан отиб, жонига қасд қилган.
Ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида тўпланган ҳужжатлар ва экспертизалар хулосаларига кўра, аскарнинг ўлимида бирор-бир шахснинг ҳаракатида жиноят аломатлари аниқланмаган.
Шунингдек, Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ҳарбий қисмда суткалик наряд ва қурол-яроғни топшириш-қабул қилишда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони номига тақдимнома киритилган. Қабул қилинган қарор қонунийлиги ҳарбий прокурор томонидан назорат тартибида ўрганилмоқда.
Мавзуга доир: «Укаларимни ўқитаман, сизларни Ҳажга олиб бораман, дерди» — ҳарбий хизматда портлаб кетган 21 ёшли йигитнинг отаси
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг ноябрь ойида Термизда ҳарбий хизмат ўтаётган қаршилик йигит вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Шунингдек, Июнь ойида эса Қашқадарёда хизмат бурчини ўтаётган 18 яшар аскар уйига тобутда қайтганди.