Туркияда зилзиладан кейин 200 метрли ёриқлар пайдо бўлди. Экспертлар буни «камёб ҳолат» деб атамоқда
Зилзиладан кейин ер юзасида 200 метрли ёриқнинг пайдо бўлиши — жуда кам учрайдиган ҳолат. Бу ҳақда Россия Фанлар академияси Зилзилаларни прогноз қилиш назарияси ва математик геофизика институти директори Пётр Шебалинга таяниб «РБК» хабар берди.

Унинг айтишича, ёриқлар узунлиги бир нечта омилларга боғлиқ. Туркиядаги зилзиланинг чуқурлиги у қадар катта бўлмаган, аммо жуда кўп энергия ажралган. Нашр суҳбатдошига кўра, унинг ҳажми зилзила ўчоғи майдонига боғлиқ. Шебалиннинг таъкидлашича, зилзила ўчоғи чуқур жойлашмаган бўлса, шунча узун бўлади, унинг юзасига чиқиш эҳтимоллиги ҳам ошади.
«Бундай ёриқлар ҳам зилзиланинг, ҳам тортишиш кучининг натижасидир, зилзиланинг ўзи ер юзасида 200 метр кенгликдаги ёриқни келтириб чиқара олмайди. Афтидан, бу тортишиш кучи ва зилзиланинг биргаликдаги ҳаракати», — дейди мутахассис.
Шебалиннинг қайд этилишича, ёриқлар ер юзасига чиқса, автомобиль ва темир йўлларининг бузилишига олиб келади.
Эслатиб ўтамиз, магнитудаси 7,7 га тенг зилзила 6 февраль тонгида Сурия чегарасидаги Қаҳрамонмараш туманида кузатилган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг айтишича, ҳалокат 10 та вилоятга таъсир кўрсатган ва сўнгги 84 йил ичидаги энг ҳалокатлиси ҳисобланади: 1939 йилда Туркияда содир бўлган зилзила оқибатида 30 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганди.
Аввалроқ Истанбулда 2030 йилга қадар магнитудаси 7,6 балли зилзила содир бўлиши мумкинлиги маълум қилинганди. Ўтган 15 йил давомида олимлар мазкур хавотирли прогнозларни тасдиқловчи кўплаб ҳисоб-китобларни эълон қилган (эҳтимоллик даражаси 35 дан 95 фоизгача — 2045 йилга қадар). Кенг кўламли ер ости силкинишларини прогнозлаштириш билан нафақат турк тадқиқотчилари, балки АҚШ, Италия, Франция, Япония мутахассислари ва ҳатто халқаро суғурта фирмалари ҳам шуғулланган.