Туркиядаги зилзилалар оқибатида ҳалок бўлган ўзбекистонликлар сони 4 кишига етди
Туркияда содир бўлган зилзилалар оқибатида ҳалок бўлган ўзбекистонликлар сони тўрт кишига етди. Бу ҳақда мамлакатнинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълум қилди.

Қайд этилишича, 12 февраль куни зилзила оқибатида Шонлиурфа шаҳрида вафот этган яна бир Ўзбекистон фуқароси — 42 ёшли аёл М.Б.нинг жасади Истанбулдан Тошкентга юборилган.
«Марҳуманинг яқинларига сабр тилаймиз. Бу борада Бош консулхонага моддий ва маънавий ёрдам берганларга ташаккур билдирамиз», дейилади хабарда.
Ҳатай шаҳрида 11 февраль куни зилзила оқибатида вафот этган, Андижон вилоятида туғилган 56 ёшли У.Ҳ. ва Қаҳраманмараш шаҳрида вафот этган, Наманган вилоятида туғилган 40 ёшли Н.М.нинг жасади Ўзбекистонга юборилганди. Бундан ташқари, Малатя шаҳрида бир нафар Ўзбекистон фуқароси зилзила оқибатида ҳалок бўлган. Умумий ҳисобда ҳозиргача 4 нафар Ўзбекистон фуқароси зилзила қурбони бўлди.
Anadolu маълумотларига кўра, Туркиядаги зилзилалар оқибатида айни вақтга қадар 29,6 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Қўшни Сурияда бу кўрсаткич 3500 дан ошган. Ҳудудлардан салкам 148 минг киши эвакуация қилинган.
Эслатиб ўтамиз, магнитудаси 7,7 га тенг зилзила 6 февраль тонгида Сурия чегарасидаги Қаҳрамонмараш туманида кузатилган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг айтишича, ҳалокат 10 та вилоятга таъсир кўрсатган ва сўнгги 84 йил ичидаги энг ҳалокатлиси ҳисобланади: 1939 йилда Туркияда содир бўлган зилзила оқибатида 30 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганди.
Мавзуга доир: Ўзбекистонлик қутқарувчилар Туркияда вайроналар остидан 9 кишини қутқариб олди — видео
Аввалроқ Ўзбекистон ҳам Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бир гуруҳ қутқарувчиларини жўнатгани, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳалок бўлганлар хотирасига мамлакатда 7 кунлик мотам эълон қилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, 9 февраль куни Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан Ўзбекистон махсус борти ҳалокатли зилзилалар натижасида жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш мақсадида Газиянтеп шаҳрига (Туркия) етиб борган.