Молдова ҳаво ҳудудини вақтинча ёпди
Молдова ҳаво ҳудуди парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уч соатдан кўпроқ вақтга ёпилди, деб хабар қилди «РБК». ОАВ маълумотларига кўра, мамлакат осмонида учувчисиз бошқариладиган номаълум учоқ аниқланган.
Расмий маълумотларда мамлакат ҳаво ҳудудининг ёпилиш сабаблари айтилмаган. Шунга қарамай Air Moldova ҳам мамлакат ҳаво ҳудуди парвозлар учун вақтинча ёпилганини тасдиқлаган. Бу ҳақда компаниянинг Facebook’даги саҳифасида маълум қилинди.
«Айни дамда Молдова Республикаси ҳаво ҳудуди ёпиқ, биз парвозлар тикланишини кутмоқдамиз. Бугунги кун жадвалига ўзгартиришлар киритилади», дейилади хабарда.
Шунингдек, яна бир нашрнинг хабар беришича, парвозлар учун жорий этилган чекловлар Тошкент вақти билан соат 18:00 дан 19:00 гача амалда бўлиши ҳақида маълум қилган.
Мавзуга доир: АҚШда уриб туширилган объектлар ўзга сайёрага тегишли бўлиши мумкинлиги истисно этилмади
Аввалроқ Ўзбекистон ҳарбий дронлари Афғонистон ҳаво ҳудудини бузиб ўтгани хабар қилинганди, шунингдек, Россия самолётлари учун ҳаво ҳудудини ёпган давлатлар рўйхати эълон қилингани ҳақида хабар берилганди.