Қашқадарёда зилзила содир бўлди
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида 14 февраль, сешанба куни зилзила қайд этилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳудудида маҳаллий вақт билан соат 05:48 да (Гринвич бўйича соат 00:48 да) зилзила содир бўлган. Эпицентр: Деҳқонобод тумани. Зилзила координаталари: 38,22 градус шимолий кенглик; 66,36 градус шарқий узунлик. Магнитуда М=3,6. Чуқурлик 10 километр. Зилзила эпицентри Тошкентдан 417 километр жануби-ғарбда.
Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Қозоғистонда кузатилган зилзила Ўзбекистонда ҳам сезилганди. Шу куни тонгда Туркия жануби-шарқида 6 февраль тонгида 7,4 магнитудали зилзила содир бўлган. Зилзила мамлакатдаги 10 та шаҳарни, шунингдек, қўшни Суриянинг қатор ҳудудларини вайрон қилган. 13 февраль ҳолатига кўра, Туркиядаги зилзилалар оқибатида ҳалок бўлган ўзбекистонликлар сони 4 кишига етган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистонда кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжуд эмас.