Самарқандда блогер микрофон бермагани учун ресторан ходимларини ҳақоратлаб, жанжал кўтарди — видео
Самарқанд вилояти ИИБ маст ҳолатдаги блогер ресторанда жанжал кўтаргани тасвирланган видеога муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Самарқанддаги маҳаллий блогерлардан бири маст ҳолатда ресторанда жанжал кўтаргани, ишчиларга куч ишлатишга урингани, шунингдек, ички ишлар ходимларини ҳақорат қилгани тасвирланган видео тарқалди.
Қайд этилишича, 12 февраль куни Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро М.А. Самарқанд шаҳридаги «Истиқлол» ресторанида овқатланиб, спиртли ичимлик таъсирида ресторан иш фаолиятини якунлаш арафасида ресторан ишчиларидан қўшиқ айтиш учун микрофон сўраган.
Ресторан ишчилари ушбу ресторанда «караоке» йўқлиги ҳамда ресторан иш фаолиятини тугатганини тушунтирмоқчи бўлганида, фуқаро М.А. ишчиларни уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилиб, уларни урмоқчи бўлган.
Ресторан ишчилари ҳодиса жойига Миллий гвардия қўриқлаш хизматини чақирган. Қўриқлаш хизмати ходимлари фуқаро М.А.ни тинчлантирмоқчи бўлганида у ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмай, уларнинг хизмат фаолиятига фаол қаршилик кўрсатган.
Шундан сўнг М.А. Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 2-сон ИИБга олиб келинган. У билан суҳбат ўтказилиб, ходимлар уни тинчлантирмоқчи бўлганда М.А. меъёридан ортиқ спиртли ичимлик истеъмол қилгани сабабли бақир-чақир қилиб, капитан Д.Шодмоновни шаъни қадр-қимматини камситиб, уятли сўзлар билан ҳақорат қилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда уятсиз фото ва видеоларини тарқатган блогер қиз қамалгани, шунингдек, Фарғонада ўзини блогер деб таништириб, жиноят ишини ҳал қилиб бермоқчи бўлганлар ушлангани, Самарқанддаги тунги клубда пул сочган инстаблогер жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтами, январь охирларида Human.uz сайтининг директори Хуршид Далиев, бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ва таҳририятнинг бошқа ходимлари офисидан олиб кетилгани ҳақида таҳририят расмий Telegram канали хабар эълон қилганди. Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Рақамли технологиялар вазирлигига тегишли сўров юборганини маълум қилган.
Bugun.uz’нинг бир-биридан мустақил уч манбасига таяниб, Хуршид Далиев ва Муслим Мирзажонов «бир гуруҳ шахслар томонидан ўта йирик миқдорда товламачилик содир этганлик» билан боғлиқ жиноят иши доирасида гумонланиб қўлга олингани ҳақида хабар берганди.