Андижон вилояти ҳокимлиги тадбиркорлар қуёш панели ўрнатишга мажбурланаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди
Ижтимоий тармоқларда Андижонда тадбиркорлар қуёш панели ўрнатишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят ҳокимлиги ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Хабарда келтирилишича, ижтимоий тармоқлар ва бир қатор ОАВларда келтирилган ҳолат, яъни қуёш панелларини ўрнатишга на аҳоли ва на тадбиркорлар мажбурланмаган.
«Жорий йилнинг 10 февраль куни Андижон вилояти ҳокимининг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида қуёш панелларини кредит асосида олишни хоҳлаганлар ‘Саноатқурилишбанк’дан имтиёзли кредит олиб (15 фоиз, 5 йил муддатга, 6 ой имтиёзли давр, 150 миллион сўмгача) ўрнатиши мумкин эканлиги айтиб ўтилган», дейилади хабарда.
Шунга мувофиқ, учрашувда қуёш панеллари ўрнатишнинг афзалликларигагина урғу берилиб, бу фақатгина тавсия сифатида айтиб ўтилгани маълум қилинган.
Аввалроқ Шуҳрат Абдураҳмонов эҳтиёжманд оилаларга қуёш панеллари топширилишини маълум қилганди, шунингдек, «Ҳудудий электр тармоқлари» қуёш панеллари орқали ишлаб чиқариладиган электр энергиясини сотиб олишни бошлагани ҳақида хабар берилганди.