«Газ ва энергия бозорида ишлаётган компаниялар парламент олдида ҳисобдор бўлиши керак» — Олий Мажлис депутати
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси ҳамда Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов ижтимоий тармоқларда ҳамда кенг жамоатчилик орасида кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган Ўзбекистон газ конларининг бошқа давлат манфаатларига бериб юборилгани ҳақида айтилаётган фикрларга муносабат билдирди ва бир қатор таклифларни илгари сурди.
Бекмуродовнинг фикрича, гўёки газ конларининг бошқа давлатларга бериб юборилгани ҳақида тарқалаётган хабарлар манипулятив ва провокацион характерга эга. Бироқ Ўзбекистон бугунги кунда мустақил ва миллий манфаатлар асосида сиёсат олиб бормоқда.
«Бу рўй бераётган глобал сиёсий жараёнларга мамлакатимиз ёндашувларида ҳам яққол кўринмоқда. Дунёнинг нуфузли сиёсий лидерлари ҳам мамлакатимизнинг айнан мустақил ички ва ташқи сиёсатини эътироф этмоқда. Газ шартномалари масаласида Президентимиз ўз мурожаатномасида халқ позициясини қатъий билдирди. Унга кўра, газ ишлаб чиқаришга олдин берилган барча лицензиялар қайта кўриб чиқилади, миллий манфаатлар мезонидан ўтказилади», — дейди депутат.
Унинг сўзларига кўра, парламент бу борада масъулиятни ўз зиммасига олиши лозим. Хусусан, газ ва энергия ишлаб чиқариш бозорида ишлаётган компаниялар парламент олдида ҳисобдор бўлиши керак.
«Конларга хорижий компанияларни жалб қилиш ишларига парламентнинг масъул бўлиши — ҳар қандай эҳтимолий таъсирларнинг олдини олади. Буни қонунчилик билан белгилаш зарур», — дея ўз фикрини изоҳлаган «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси.
Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, жамоатчилик расмий идораларга шунга ўхшаш ҳолатлар юзасидан ахборот ҳуружларига учмасдан саволларни тўғри йўллай билиши лозим. Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов Ўзбекистонда бошланган демократик ислоҳотлар, иқтисодиёт модернизацияси курси изчил давом этиши, манипуляцияларга жамият иммунитети шаклланиши объектив заруратдир, дея ўз фикрини якунлаган.
Мавзуга доир: Ўзбекистон энергетика вазири «Лукойл» билан маҳсулот тақсимоти битимининг айрим шартларини биринчи марта очиқлади — видео
Шунингдек, аввалроқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва «Ўзбекнефтгаз» раиси Меҳриддин Абдуллаев журналист ҳамда блогерлар билан учрашувда «Озодлик радиоси» томонидан эълон қилинган суриштирувга кўра, Ўзбекистондаги барча нефть ва газ конларининг эксклюзив ҳуқуқлари Россияга бериб юборилганини асоссиз маълумотлар деб атаганди.
Эслатиб ўтамиз, январь охирларида Ўзбекистон ҳамда Россиянинг «Газпром» компанияси газ соҳасида ўзаро ҳамкорлик юзасидан «йўл харитаси»ни имзолаганди. Ижтимоий тармоқларда энергетика тизими мустақиллигига таҳдид дея қаралаётган «газ иттифоқи» лойиҳаси томон қадам сифатида талқин қилинган. Ўз навбатида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Энергетика вазирлиги мазкур «йўл харитаси»нинг умумий мазмуни ҳақида жамоатчиликка хабар бериши лозимлигини таъкидлаган эди.