Ўзбекистон IMTM—2023 халқаро кўргазмасида иштирок этди — фоторепортаж
Исроилнинг Тель-Авив шаҳрида 14–15 февраль кунлари Халқаро Ўрта Ер денгизи сайёҳлик ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам бой маданий тарих, ишбилармонлик муҳити ва туризм салоҳиятини кўрсатиб берувчи тақдимотлар билан иштирок этди. Бу ҳақда унда иштирок этаётган Bugun.uz мухбири хабар берди.
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Ўзбекистон анъанавий тарзда ўтказиладиган Халқаро Ўрта Ер денгизи сайёҳлик ярмаркасида 2017 йилдан буён қатнашиб келади. Ўзбекистон делегациясининг 2023 йилги кўргазмадаги иштироки мамлакатнинг Исроилдаги элчихонаси кўмагида Маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил этилди.
Унда юздан ортиқ давлатлар қаторида Ўзбекистон миллий стенди ҳам намойиш этилди. Қолаверса, Бутунжаҳон яҳудийлар сайёҳлик ташкилоти стендидан ҳам Ўзбекистон ҳақидаги маълумотлар ўрин олди.
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Ярмарка давомида «Ипак йўлида яҳудийлар» номли тадбир бўлиб ўтди. Унда Маданият ва туризм вазирлиги — «Миллий PR-маркази» ДУКнинг Uzbekistan — The Crossroad of Civilizations. Tourism Potential of Uzbekistan мавзусида тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда иштирок этган Жаҳон яҳудийлар саёҳат ташкилоти раҳбари Жек Готтлиб Ўзбекистон, унинг тарихи ва яҳудийлар билан алоқалари ҳақида тўхталиб ўтди.

«Бугунги тадбирда Ўзбекистон иштирок этганидан жуда хурсандман. Бухоро, Тошкент ва Самарқанд одамлар уларни ўрганишларини ва тадқиқ этишларини кутмоқда. Ташкилотимиз сайёҳларни жалб этиш ва барча сайёҳлик салоҳиятини, хусусан, Бухорони намойиш этиш учун барча имкониятларни ишга солади. ХII асрда Бухорода 50 минг яҳудий яшаган. Ҳозир ҳам Бухоро сайёҳлар харитасида бўлиши ва одамлар у ерга бориб, бу орқали Ўзбекистон билан танишиш қанчалик ажойиб имконият эканини тушунишлари жуда муҳим», — деди Жек Готтлиб.
2023 йилги ярмаркага Ўзбекистон делегацияси томонидан бой маданий ва ишбилармонлик дастури тайёрланди. Кўргазма давомида делегация вакиллари Исроил туроператорлари билан ишбилармонлик учрашувлари, қўшма турларни амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказди. Унда Исроилнинг Israirgroup ҳаво йўллари компанияси билан Исроилдан Бухоро ва Самарқандга чартер рейсларни йўлга қўйиш борасида фикрлар алмашилди.
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Шунингдек, машҳур ўзбек ошпази Баҳриддин Чустий ва Бухоро яҳудийларининг авлодидан бўлмиш исроиллик ошпаз Йисраэл Аҳарони томонидан Gastronomy of Uzbekistan мавзусидаги қўшма тақдимотлар ўтказилди. Тақдимот якунида таниқли ошпаз Чустий томонидан безатилган дастурхонда ўзбек миллий таомлари тақдим этилди. Ошпаз томонидан тайёрланган ўзбек миллий таоми ош ҳам меҳмонларга улашилди. Дастурдан ўзбек хонандалари ва созандаларининг миллий, мусиқий чиқишлари ҳам ўрин олди.
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Ярмарканинг иккинчи куни 15 февралда Тель-Авивда Глобал сайёҳлик инновацион форуми бўлиб ўтди. Ennis Culture Centre маданият марказида бўлган тадбирда Маданият ва туризм вазирлиги вакиллари томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тақдимот қилинди.
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Маълумот учун, бу йилги IMTM’да Беларусь, Черногория, Венгрия, Франция, Греция, Озарбайжон, Португалия, Япония, Қирғизистон, Литва, Туркия, Словакия, Грузия, Жанубий Корея, Чехия, Испания каби давлатлар ўз стендларини очди. Умуман олганда, кўргазмада 25 800 дан ортиқ меҳмонлар иштирок этди.