Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар блоклангани учун ишдан олинган собиқ АКТ вазири янги лавозимга тайинланди
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Шуҳрат Содиқов бош вазир котибияти раҳбарининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

Шуҳрат Содиқов 2018 йил августдан 2021 йил ноябрга қадар ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимида ишлаган. У Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Telegram ва бошқа қатор интернет платформалар, жумладан, Facebook, YouTube ва «Одноклассники»га кириш вақтинча чекланиб қолгани учун лавозимдан олинганди. Ушбу сервислар «Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестри»га киритилган ва интернет тармоғида мазкур ресурсдан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланиш ўрнатилган тартибда, аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар чекланганди.
Шунингдек, ўшанда бош вазир маслаҳатчиси, IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров ҳам лавозимидан озод қилинганди. Кўп ўтмай бош вазир Абдулла Арипов ижтимоий тармоқларни блоклаган «Ўзкомназорат» раҳбари Ғолибшер Зияевни ишдан олган.
Ижтимоий тармоқлар блоклангач, «Узоқни ўйламай қилинган ҳаракат ҳақида Президент хабар топди. Ўйлайманки, тез орада барча тармоқларга уланиш тикланади», — деган эди Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
Вазирлар Маҳкамаси котибиятидаги бошқа тайинловлар
Ўзбекиcтон Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-269-сон фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг янги ижро этувчи тузилмаси тасдиқланган эди. Президент фармонига асосан, Абдурашид Жўрабоев бош вазир котибияти раҳбари этиб тайинланди.

Шу муносабат билан у Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан озод этилган.
Нусратбек Тойчиев бош вазир котибияти раҳбарининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Шу муносабат билан у Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан озод қилинган.
Даврон Қаландаров бош вазир котибияти раҳбарининг ўринбосари этиб тайинланди.

Шу муносабат билан у Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг бошлиғи лавозимидан озод қилинган.
Мансурбек Жуманиязов бош вазири ўринбосари Очилбой Раматовнинг котибияти мудири этиб тайинланди.

Шу муносабат билан у Вазирлар Маҳкамаси Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти мудирининг ўринбосари лавозимидан озод қилинган.
Иззат Тангриев бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг котибияти мудири этиб тайинланди.

Шу муносабат билан у бош вазир ўринбосарининг ёрдамчиси лавозимидан озод қилинган.
Жамшид Абдусаломов бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаевнинг котибияти мудири этиб тайинланди.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси Маҳаллий саноатни ривожлантириш ва кооперация алоқалари масалалари котибиятининг мудири лавозимидан озод қилинган.
Нодир Дусматов бош вазир ўринбосари Зулфия Маҳкамованинг котибияти мудири этиб тайинланди.

Шу муносабат билан у Вазирлар Маҳкамаси Оила ва хотин қизлар масалалари котибияти мудири лавозимидан озод қилинган.
Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида вазирлик ва идоралар сони 28 тагача камайтирилишини маълум қилганди. Президент биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилинади, ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгаришини айтганди. Энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади. Шу билан бирга, давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 25-30 фоизга қисқаради. Иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилади.
Аввалроқ, молия вазири ўринбосари Одилбек Исаковнинг маълум қилишича, давлат органларнинг қисқартиришили ва ихчамлаштирилиши ҳисобига Ўзбекистон давлат бюджети 2,8 триллион сўм тежайди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат ушбу маблағларни макталардаги болаларнинг овқатланишига йўналтириш таклифини илгари сурмоқда. Ўз навбатида Адлия вазирлиги ОАВда мамлакатда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар, хусусан, яқинда вазирлик ва идораларнинг қайта ташкил этилиши ҳамда бирлашишига оид хабарларни танқид қилганди.