«Ўзбекистондаги барча конлар Россияга берилгани ҳақидаги маълумот нотўғри» — Камолиддин Раббимов — видео
Таниқли сиёсатшунос Камолиддин Раббимов «Озодлик» томонидан эълон қилинган суриштирувга кўра, Ўзбекистондаги барча нефть ва газ конларининг эксклюзив ҳуқуқлари Россияга бериб юборилгани ҳақидаги маълумотлар нотўғри эканини айтиб ўтди. Бу ҳақда сиёсатшунос «Озодлик» билан бўлиб ўтган суҳбатда маълум қилди.
Камолиддин Раббимов «Озодлик» билан бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистондаги барча газ конлари 35 йилга Россияга бериб юборилгани ҳақидаги хабарлар нотўғри маълумот эканини айтиб ўтди. Сиёсатшунос сўзларининг исботи сифатида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг шахсан ўзи ушбу маъломтлар асоссиз эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатганини маълум қилган.
«Биз энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва ‘Ўзбекнефтгаз’ раиси Меҳриддин Абдуллаев билан гаплашдик. Ўзбекистонда ишлаб турган жами конларнинг сони 294 та. Шундан 176 таси қўшма корхона. Аксарият конлар мамлакатнинг ўз қўлида, уларга ҳеч қандай ташқи инвестор аралашмайди. Бундан ташқари, 176 та кондан 13 таси ‘Лукойл’ билан, 2 тагинаси ‘Газпром’ билан — жами 15 тагина мажмуада Россия билан бирга ҳамкорликда ишлар олиб борилади. Улардан фақатгина ‘Мустақилликнинг 25 йиллиги’ Россияга 35 йилга берилган. Бошқа бирорта ҳам кон 35 йилга Россияга берилмаган», — дейди Камолиддин Раббимов.
Раббимовнинг сўзларига кўра, журналист ҳамда блогерлар билан учрашувда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва «Ўзбекнефтгаз» раиси Меҳриддин Абдуллаев уларга ҳужжатларни биттама-битта кўрсатган ҳамда «Озодлик»да эълон қилинган маълумотлар асоссиз эканлигини тушунтирган.
«Мен айтмоқчи бўлганим, одамлар ‘Озодлик’нинг эфиридан 35 йилга бутун Ўзбекистоннинг газ ва нефть ресурслари қўлдан кетди, деган хулосага келади. Аслида эса 294 та кондан икки эмас, уч эмас, фақат биттаси ҳақида гап кетяпти, холос. Агар мен ҳозир нотўғри гапирсам, бунга вазирлар жавоб бериши керак, халқни алдаган бўлади. Бу ерда ёки ‘Озодлик’ томонидан хато ўтяпти», — деган Раббимов «Озодлик» билан уюштирилган суҳбатда.
Камолиддин Раббимовнинг таъкидлашича, вазирлар журналист ҳамда блогерларга газ участкаларини ҳам кўрсатган. Сиёсатшуноснинг айтишича, уларга Ўзбекистон бюджетидан бир сўм ҳам маблағ ажратилмайди. Барча пуллар хорижий инвесторлар томонидан сармоя кўринишида киритилади. Бироқ газ конлари жойлашган ҳудудлар ҳамда ундаги газ захираларининг барчаси Ўзбекистонга тегишли.
Мавзуга доир: Ўзбекистон энергетика вазири «Лукойл» билан маҳсулот тақсимоти битимининг айрим шартларини биринчи марта очиқлади — видео
Аввалроқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва «Ўзбекнефтгаз» раиси Меҳриддин Абдуллаев журналист ҳамда блогерлар билан учрашувда «Озодлик радиоси» томонидан эълон қилинган суриштирувга кўра, Ўзбекистондаги барча нефть ва газ конларининг эксклюзив ҳуқуқлари Россияга бериб юборилганини асоссиз маълумотлар деб атаганди.