Қозоғистонда туғилган болаларга автоматик равишда ҳисоб рақамлар очилиб, давлат унга пул ўтказиб боради
Қозоғистон Молия вазирлиги 2024 йилдан бошлаб мамлакатда ишга тушириш режа қилинган «Миллий жамғарма — болалар учун» лойиҳаси тафсилотларини эълон қилди, деб хабар беради TengriNews.
Концепцияга кўра, ҳар бир Қозоғистон фуқаросига туғилганида автоматик равишда долларда омонат ҳисоби очилади. Ҳар йили 1 январь куни ушбу ҳисоб рақамга Қозоғистон Миллий жамғармасидан хом ашё сектори ҳисобидан тўлдириладиган маблағлар келиб тушади. «РБК» нашрининг ёзишича, Норвегия давлат пенсия жамғармаси шу каби моделдан фойдаланади.
Жамғариб борилган маблағлардан 18 ёшга тўлган Қозоғистон фуқаролари фойдалана олади.
Инвестициявий даромад ставкаси Миллий жамғарманинг бир неча йил давомидаги ўртача рентабеллиги даражасида белгиланади. Ҳисоб-китобларда келтирилишича, фуқаро вояга етгунга қадар унинг ҳисоб рақамидаги пуллар 3,5 минг долларга яқинлашади.
Жамғарилган пулларни икки хил йўлда сарфлаш мумкин: таълим олиш ёки турар жой харид қилишга. Кўчмас мулкни фақат Қозоғистон ҳудудидан сотиб олишга рухсат берилади, таълимни эса хорижда ҳам олса бўлади.
Фуқаро вояга етганидан кейин маблағлар ҳисоб рақамда 5–10 йил давомида сақланади. Агарда ундан фойдаланилмаса, пенсия ҳисобига ўтказиб юборилади. Шунингдек, маблағларни мерос қилиб қолдириш ҳам мумкин бўлади.
Агарда бола 18 ёшга тўлгунига қадар бошқа давлатга кўчиб кетса ва фуқаролигини ўзгартиса, ушбу маблағлар тўланишидан маҳрум бўлади. Бу фуқаролигини сақлаган ҳолда бошқа давлатларга кўчиб кетадиганларга тааллуқли эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда биринчи синф ўқувчиларини планшетлар билан таъминлаш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, мамлакатда Элбоши куни давлат байрамлари рўйхатидан чиқарилиши мумкинлиги айтилганди.