Сурхондарёдаги газ конини қазишга оид тарқалган хабарларга расмий муносабат билдирилди
Surhan Gas Chemical Operating Company компанияси «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конини қазиш бўйича тарқалган хабарларга расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, бир қатор хорижий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг энергетика соҳаси тўғрисидаги ишончсиз маълумотлар тарқатилгани халқ манфаатлари йўлида очиқ тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи компаниялар фаолиятини шубҳа остига қўймоқда.
Surhan Gas Chemical Operating Company ЯТТ МЧЖ «Ўзбекистон мустақиллиги» инвестицион блокига нисбатан маҳсулотларни тақсимлаш ҳақида битим бўйича оператор бўлиб, унда Сурхондарё вилоятида газ-кимё мажмуасини қуриш билан «Мустақилликнинг 25 йиллиги» кони ўрганиш ва қазиш кўзда тутилган. Surhan Investments Limited (Гонконг) битимга кўра инвестор ҳисобланади.
2017 йилда «Маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисида»ги 2001 йил 7 декабрдаги 312-II-сон қонунга мувофиқ Сурхондарё вилоятидаги «Ўзбекистон мустақиллиги» инвестицион блоки бўйича битим имзоланган. Ушбу битим Ўзбекистондаги бошқа кон ва блокларга тааллуқли эмас.
Битим бўйича инвесторнинг бенефициари ўзбек тадбиркори Бахтиёр Фозилов ва россиялик тадбиркор Андрей Филатов, шунингдек, акцияларнинг 20 фоизи «Ўзбекнефтгаз» АЖ давлат компаниясига тегишли. Таъкидланишича, акционерлар таркибида бошқа инвестор ва иштирокчилар йўқ.
Битимни имзолаш вақтида конда қазиш ишлари олиб борилмаган. Кондаги биринчи қудуқ 1975 йилда «Ўзбекнефть» уюшмаси томонидан қазилган. Кейинги 40 йилдан ортиқ вақт давомида конни ишга туширишнинг иложи бўлмаган, чунки унинг захираларини олиш қийин, газ юқори олтингугуртли, коннинг ўзи эса жуда мураккаб тоғ-геологик шарт-шароитлар билан тавсифланади ва бу DeGolyer & MacNaughton халқаро компаниясининг хулосалари билан тасдиқланган. 2006–2008 йилларда Petronas халқаро компаниясининг жалб қилиниши ҳам қазиш босқичига ўтишга имкон бермаган.
Инвестор геологик қидирув ишларини олиб бориш, конни ўзлаштириш, завод ва зарур инфратузилмани амалга ошириш мажбуриятларини ўз зиммасига олган. Шу билан бирга, инвестор «Маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисида»ги қонунга мувофиқ лойиҳанинг барча молиявий ва геологик хавфларини ўз зиммасига олади.
Лойиҳага зарур инвестициялар ҳажми 2 миллиард доллардан кўпроқ баҳоланиб, бу кўрсаткич ўсиши кўзда тутилмоқда. Барча инвестициялар инвестор томонидан давлат маблағларини жалб қилмасдан «Маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисида»ги қонунга мувофиқ амалга оширилади.
«Маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисида»ги қонунга кўра, битим бўйича барча ишлар Ўзбекистонда таъсис этилган оператор томонидан амалга оширилади. Ишни бажариш учун оператор нефть ва газ соҳасида катта тажрибага эга бўлган Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлардан энг малакали кадрларни жалб қилмоқда. Оператор фаолияти бир неча босқичларда бевосита давлат томонидан, шу жумладан, Ўзбекистон вазирликлари ва Вазирлар Маҳкамаси вакиллари бўлган Бошқарув қўмитаси орқали назорат қилинади. Операторнинг йиллик иш дастурлари, бюджетлари, муҳим шартномалари ва аудит ҳисоботи Бошқарув қўмитаси билан келишилади.
Газни қайта ишлаш заводи қурилиши тугагандан сўнг ва ишлаб чиқариш бошланиши, газ сотишдан тушган тушум (солиқлар кейин харажатларни қоплаш) Ўзбекистон ва инвестор ўртасида 50 га 50 фоиз (50/50%) бўлган нисбатда тақсимланади ва лойиҳанинг молиявий кўрсаткичлари яхши бўлган тақдирда давлат улуши 80 фоизни ташкил қилади.
Мавзуга доир: Ўзбекистон энергетика вазири «Лукойл» билан маҳсулот тақсимоти битимининг айрим шартларини биринчи марта очиқлади — видео
Аввалроқ Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва «Ўзбекнефтгаз» раиси Меҳриддин Абдуллаев журналист ҳамда блогерлар билан учрашувда «Озодлик радиоси» томонидан эълон қилинган суриштирувга кўра, Ўзбекистондаги барча нефть ва газ конларининг эксклюзив ҳуқуқлари Россияга бериб юборилганини асоссиз маълумотлар деб атаганди.