Тошкент вилоятида ака-ука иштирок этган 796 млн сўмлик давлат харидида ғолиб 6 дақиқада аниқланди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган мониторинг натижасида Тошкент вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг 796 миллион сўмлик харид баённомаси бекор қилинди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг буюртмачилигидаги 796 миллион сўмлик тиббий асбоб-ускуналар учун 2023 йил 10 февраль куни давлат хариди амалга оширилган. Унда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи), 23-моддаси (харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 42-моддаси (иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатиш шартлари) ва 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) талаблари бузилгани аниқланган.
Жумладан, давлат харидларида иштирок этган талабгорлар яқин қариндош ака-укаларга тегишли бўлган, яъни ўзаро аффиллангани ҳолатлари мавжуд.
Шунингдек, мазкур давлат хариди бўйича харид комиссияси томонидан фойдаланган компьютерларнинг IP-манзиллари маълумоти ўрганилганда харид комиссияси раиси, аъзолари (овоз бериб баҳолаш ваколатига эга) ва комиссия котиби 10 февраль куни соат 21:05 дан соат 21:11 гача, яъни ўртача 6 дақиқа вақт ичида IP-манзили бир кишига тегишли бўлган компьютер орқали бошқарилиб, харид натижалари баҳолангани ва баённома расмийлаштирилгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолатлар бўйича харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилган ва чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилган, шунингдек, ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига сўровнома киритилган.
Тошкент вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан 2023 йил 13 февраль куни агентликка тақдим этилган хатга кўра, агентликнинг тақдимномасида қайд этилган камчиликлар бартараф этилиб, харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинган.
Аввалроқ Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқлангани, Маҳаллабай ишлаш агентлиги 8,4 миллиард сўмга сайт буюртма қилгани, шу билан бирга, ушбу сайт логотипи ўғирлангани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Аксилкоррупция агентлиги давлат харидларидаги коррупцион ҳолатлар ҳақида маълумот берган эди.