«Туркия оғир дамда узатилган ёрдам қўлини унутмайди» — Эрдўғон
Туркия оғир дамда узатилган ёрдам қўлини унутмайди. Бу ҳақда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон БАА ташаббуси билан ташкил этилган Бутунжаҳон ҳукуматлари саммити иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида маълум қилди.

Туркия раҳбарининг қайд этишича, у олдинроқ саммитда шахсан иштирок этишни режалаштирган, бироқ 6 февраль куни юз берган кучли зилзилалардан кейин режалар қайта кўриб чиқилган.
«Кенг кўламли табиий офат жабрини Туркиянинг 10 та вилоятида яшовчи 13,5 миллион аҳоли ўзида хис қилиб кўрди. Ер ости силкинишлари 500 километр ҳудудда сезилган. Афсуски, ҳалокатли вайронагарчиликлар юз берди. Олимларнинг айтишича, зилзилалар натижасида 500 та атом бомбаси қувватига тенг энергия ажралган», — дейди сиёсатчи.
Унинг сўзларига кўра, Туркия нафақат ўзининг, балки бутун инсоният тарихидаги энг йирик табиий офатлардан бирига дуч келган.
Президентнинг айтишича, Қаҳрамонмарашдаги зилзила эпицентрида ишлаётган қидирув-қутқарув жамоалари охирги тўққиз кун ичида вайроналар остидан 8 мингдан зиёд инсонни чиқариб олган.
«Афсуски, қулаб тушган минлаб уйларни тозалаш давомида қурбонлар сони ҳам ортмоқда. Зилзиладан жабрланган фуқароларнинг 81 мингдан ортиғи Туркия фуқаролари бўлиб, уларга шифохоналардан жавоб берилган», — дея таъкидлайди Эрдўғон.
Туркия етакчиси халқнинг қўллаб-қувватлови билан мамлакат қисқа муддат ичида табиий офат оқибатларини бартараф этишга эришишини айтган. Эрдўғон ҳалокатли зилзила фонида Туркияга ёрдамга шошган барча давлатларга миннатдорчилик билдирди.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, Туркияга 100 дан ортиқ давлат, жумладан, саммит ташкилотчиси ҳисобланмиш БАА ҳам ёрдам бериш таклифи билан чиққан.
«Баъзи давлатлар қутқарувчиларни Туркияга юборди, баъзилари ёрдам йиғиш кампанияларини бошлаб, бирдамлик кўрсатди. Айрим мамлакатлар эса Анқарага ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Ушбу офат халқаро бирдамликнинг нақадар аҳамиятга эга эканини яна бир кўрсатиб берди», — дейди президент.
Аввалроқ Туркияда содир бўлган зилзилалар оқибатида ҳалок бўлган ўзбекистонликлар сони тўрт кишига етгани тўғрисида хабар берилганди. 12 февраль куни зилзила оқибатида Шонлиурфа шаҳрида вафот этган яна бир Ўзбекистон фуқароси — 42 ёшли аёл М.Б.нинг жасади Истанбулдан Тошкентга юборилган.
Мавзуга доир: Ўзбекистонлик қутқарувчилар Туркияда вайроналар остидан 9 кишини қутқариб олди — видео
Эслатиб ўтамиз, магнитудаси 7,7 га тенг зилзила 6 февраль тонгида Сурия чегарасидаги Қаҳрамонмараш туманида кузатилган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг айтишича, ҳалокат 10 та вилоятга таъсир кўрсатган ва сўнгги 84 йил ичидаги энг ҳалокатлиси ҳисобланади: 1939 йилда Туркияда содир бўлган зилзила оқибатида 30 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганди.