Янги Зеландияда 5,7 магнитудали зилзила содир бўлди
Янги Зеландия қирғоқларида магнитудаси 5,7 баллга тенг зилзила содир бўлди. АҚШ Геология хизмати ва Европа Ўрта ер денгизи сейсмологик маркази буни тасдиқлади.
Ер ости силкинишлари Янги Зеландия оролининг Шимолий ва Жанубий қисмларини ажратиб турувчи Кук кўрфази акваториясида қайд этилган. Эпицентри Веллингтон вилоятидаги Лоуэр-Хатт шаҳридан 79 километр шимоли-ғарбда жойлашган; зилзила ўчоғи 74 километр чуқурликда.
Мамлакатнинг Geonet хизмати зилзила магнитудаси 6,1 ни ташкил этганини маълум қилди. Цунами хавфи эълон қилинмаган, қурбонлар ва жароҳатланлар ҳақида маълумот йўқ.
Аввалроқ Янги Зеландия ҳукумати мамлакатга «Габриэль» циклони ёпирилгани муносабати билан фавқулодда ҳолат эълон қилганди. Бош вазир Крис Хипкинснинг сўзларига кўра, у аср бошидан бери кузатилган «энг кучли табиат ҳодисаси» ҳисобланади. «Бу қадар жиддий ва кенг кўламли зарар бутун бошли авлоднинг умри давомида бўлмаган», — дейди Хипкинс. Мамлакат тарихида фавқулодда ҳолат уч маротаба эълон қилинган.
Ҳукуматнинг маълумотларига кўра, табиий офат оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлган, 10 мингдан ортиқ инсон уйларини ташлаб чиқиб кетган, 100 минглаб одамлар электр энергиясисиз қолган.
Мавзуга доир: Туркияда кейинги зилзила янада даҳшатли бўлиши мумкин. Олимлар бу ҳақда анчадан буён огоҳлантириб келади
Эслатиб ўтамиз, магнитудаси 7,7 га тенг зилзила 6 февраль тонгида Сурия чегарасидаги Қаҳрамонмараш туманида кузатилган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг айтишича, ҳалокат 10 та вилоятга таъсир кўрсатган ва сўнгги 84 йил ичидаги энг ҳалокатлиси ҳисобланади: 1939 йилда Туркияда содир бўлган зилзила оқибатида 30 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганди.