Бухорода кўкнор ўрнига лола гулининг бўлакларини сотган эркак фирибгарликда гумонланмоқда
Бухоро вилояти Ғиждувон тумани «Жўйрабод» маҳалласида яшовчи 65 ёшли эркак сохта гиёҳванд модда сотганликда гумонланмоқда, деб хабар беради вилоят ИИБ ахборот хизмати. Тезкор тадбир Ғиждувон тумани ходимлари томонидан ўтказилган.
Маълум қилинишича, 1 февраль куни эркак туманнинг «Вазиршоҳ» маҳалласида яшовчи И.Қ.нинг ишончига кириб, унга вилоят Ички ишлар бошқармаси эксперт криминалистика бўлимининг кимёвий экспертиза хулосасига кўра соф вазни 24,68 граммни ташкил қилган, беш дона қоғоз ўрамидаги лола гулининг майдаланган ҳолдаги бўлакларини кўкнор гиёҳвандлик воситасининг хашаги деб алдаб, 100 минг сўмга сотган.
Шунингдек, К.И. ўзининг жиноий ҳаракатларини такроран давом эттириб, 2 февраль куни «Вазиршоҳ» маҳалласида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, икки дона қоғоз ўрамларига жойлаштирилган 18,84 граммни ташкил қилган лола гулининг майдаланган бўлакларини 200 минг сўмга сотган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир: Қозоғистонда гиёҳванд моддаларни сотиш ва сақлашда гумонланган ўзбекистонлик ушланди — фото
Аввалроқ ДХХ кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйгани, Самарқандда 5 килограммга яқин гиёҳванд моддалар айланмаси тўхтатиб қолингани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентдаги мактабларда таркибида гиёҳванд моддалари бўлган маҳсулотлар тарқатилаётгани айтилганди.