Намангандаги чўян қуйиш цехида содир бўлган портлашда 2 киши ҳалок бўлди
Наманган туманида жойлашган чўян қуйиш цехидаги парогенераторда (автоклав) 15 февраль куни пар босими ортиб кетиши оқибатида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Ҳодиса оқибатида цехда ишлаётган 1 нафар ишчи тан жароҳати олган, 2 нафари ҳодиса жойида ҳалок бўлган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» банди (одам ўлишига сабаб бўлувчи меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, юқорида келтирилган жиноятни содир этиш муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил октябрда Фарғонадаги қадоқлаш цехида ишлаётган устани бункер босиб қолган, Фарғонада буюмларни қайта ишлаш цехида ёнғин содир бўлган, Марғилонда нефтни қайта ишлаш цехида ёнғин юз берган эди.