«Ўзбекистонни яхши кўраман» — Самарқандда туғилган исроиллик Светлана Кайков
Исроилда истиқомат қилаётган Светлана Кайков ўзбек халқи ва икки давлат муносабатлари ҳақида фикр билдирди
Исроилнинг Тель-Aвив шаҳрида 14 февралдан бошлаб Халқаро Ўрта Ер денгизи сайёҳлик ярмаркаси бўлиб ўтаётгани хабар қилинганди. Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашиб, мамлакатнинг туристик салоҳияти, бой маданий тарихи ва ишбилармонлик муҳити ҳақида тақдимотлар қилди.
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Ярмарканинг иккинчи куни Ennis маданият марказида маҳаллий фуқаролар, сайёҳлар ва Ўзбекистонга қизиқувчилар учун алоҳида тақдимот ҳамда маданий дастур ташкил қилинди. Бундан кўзланган асосий мақсад чет эллик сайёҳлар, шунингдек, исроилликларга Ўзбекистон тарихи, яҳудийлар билан алоқаси, Хива, Бухоро ва Самарқанд каби маданий объектларга бой вилоятларига қизиқиш орттиришдан иборат.
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Тарихдан маълумки, исроилликлар юқори даромадли ва саёҳат қилишни яхши кўрувчи халқ ҳисобланади. Исроилда яшовчиларнинг маълум қисми Бухоро яҳудийлари билан шажаравий боғлиқ. Бу ўз навбатида Исроил яҳудийларининг Ўзбекистонга қизиқишини орттиради. Ennis маданият марказида бўлиб ўтган дастурда ҳам исроилликларнинг ўзбек санъати, маданиятига қизиқиши яққол намоён бўлди. Унда қатнашган Самарқандда туғилган ва ҳозирда Исроилда истиқомат қилаётган Светлана Кайков ўзбек халқи ва икки давлат муносабатлари ҳақида фикр билдирди.
Маданият ва туризм вазирлиги томонидан тайёрланган маданий дастурда эса ўзбек хонандалари ва созандаларининг миллий, мусиқий чиқишлари намойиш этилди. Хусусан, мустаҳзод, пилла, Хоразм лазгиси томошабинларда ўзгача таассурот қолдирди. Маълумот ўрнида, Халқаро Ўрта Ер денгизи сайёҳлик ярмаркасида Ўзбркистон 2017 йилдан буён доимий қатнашиб келади. Бундай ярмаркалар сайёҳлар оқимини Ўзбекистонга йўналтиришга катта ҳисса қўшади.