Бугун оқшоми. Мирзиёевга хат ёзган Байден, Тошкентда 4 минг доллар пора билан қўлга тушган судья ҳамда Жиззахда тунда бегона аёл билан ушлангани сабабли ишдан бўшатилган «участкавой»
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Шавкат Мирзиёев номига Жо Байдендан мактуб келди
Шавкат Мирзиёев номига Америка Қўшма Штатлари президенти Жо Байдендан мактуб келди. Мактубда Байден Мирзиёевга мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда кўрсатаётган етакчилиги ва шахсий интилиши учун, шу жумладан, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик учун чуқур миннатдорлик билдирган.

Шунингдек, мактубда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик чуқурлашиб бораётгани эътироф этилган ва эришилган ютуқлар 2023 йилда ҳам янада илгари сурилишига умид билдирилган. Бундан ташқари, Байден Ўзбекистон билан иқтисодиёт ва энергетика масалаларида ўзаро алоқаларни ривожлантириш ҳамда мамлакатдаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирган.
Жиззахда тунги хизмат вақтида бегона аёл билан қўлга тушган «участкавой» ишдан олинди
Жиззахда тунги хизмат вақтида бегона аёл билан қўлга тушган «участкавой» ишдан бўшатилди. Аниқланишича, инспекторнинг бир неча нафар шахслар билан келишмовчилиги борлиги маълум бўлган.
Шунингдек, ушбу воқеа сабабли Ғаллаорол тумани ИИБнинг 4 нафар раҳбар ходимига профилактика инспекторининг фаолияти устидан етарли назорат ўрнатмагани учун интизомий чоралар кўрилган.
Ўзбекистонда 1 майдан фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томига қуёш панеллари ўрнатилади
Президент қарори билан 2023 йил 1 апрелдан умумий қуввати 100 киловаттгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 3 йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса — 10 йил муддатга ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан озод этилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 майдан бошлаб фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий қилинади. Бундан ташқари, республика бўйича янги ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликлари ҳамда цемент, ғишт ва оҳак маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга табиий газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар берилиши тақиқланади
Тошкентда 4 минг доллар пора билан ушланган судьяни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берилди
Судьялар олий кенгаши бош прокурор тақдимномасига мувофиқ 4 минг долларни пора тариқасида олаётганда қўлга олинган Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди судьясини жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берди.

Судьялар олий кенгаши хулосаси билан пора билан ушланган И.Б.ни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилди ва унинг судьялик ваколати тўхтатилди. Бундан ташқари, қайд этилишича, тергов сири ва айбсизлик презумпцияси талабларидан келиб чиқиб, судья билан боғлиқ бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаслиги айтилган.
Шунингдек, бошқа хабарлар:
- Самарқандда радиоактив қурилмани 1 миллион долларга сотмоқчи бўлганлар ушланди;
- Дарахтларнинг ноқонуний кесилиши оқибатида 2022 йилда табиатга 10 млрд сўм зарар етказилгани маълум бўлди;
- Қашқадарёда кетма-кет иккита қор кўчкиси содир бўлди — видео.
Хўш дунёда нима гап?
Instagram’да ҳам худди Telegram’даги каби каналлар ишга туширилди
Meta компанияси асосчиси Марк Цукерберг Instagram ижтимоий тармоғида ҳам худди Telegram’даги каби Meta Channel каналини ишга туширди. Цукербергнинг айтишича, каналлар орқали матн, тасвир юбориш, сўровлар ўтказиш, турли реакциялар билдириш мумкин, шунингдек, тез орада эса канал администраторларининг меҳмонлар билан қўшма чиқишлари функцияси ҳам пайдо бўлади.

Ижтимоий тармоқнинг каналдан фойдаланиш қўлланмасида айтилишича, унинг ёрдамида чекланмаган аудитория билан трансляция ўтказса бўлади. Канал эгаси трансляцияни бошласа, обуначилар унда қатнашишга таклиф-ҳаволани олади. Цукербергнинг сўзларига кўра, каналлар айни вақтда фақатгина мобил қурилмаларда ишламоқда. Бундан ташқари, ҳозирда мазкур каналлар фақат Telegramʼда мавжуд, аммо яқин ойларда Мессенгер ва Facebookʼда ҳам ишга туширилади.
АҚШ Қримдаги ҳарбий объектларга зарба беришни қўллаб-қувватлади
АҚШ давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд Вашингтон Украина томонидан Қримдаги Россия ҳарбий объектларига зарба берилишини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, камида Қрим демилитаризация қилинмагунига қадар Украина хавфсиз бўлмайди. Шунингдек, Нуланднинг қўшимча қилишича, Россия можарони қайта тикламаслигига кафолат йўқлиги сабабли АҚШ уруш тугаганидан кейин ҳам Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этади.

«Россиянинг Қримдаги ҳарбий иншоотлари Украинанинг амалга оширмоқчи бўлган зарбалари учун қонуний нишондир. Шу сабабли ҳам биз буни қўллаб-қувватлаймиз», — дейди Нуланд. Шунингдек, Давлат департаменти раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, Украинадаги уруш давомида Россия 200 мингдан ортиқ ҳарбийсини йўқотган.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.