Марк Цукерберг Instagram’да худди Telegram’даги каби каналларни ишга туширди
Марк Цукерберг Instagram ижтимоий тармоғида худди Telegram’даги каби каналларни ишга туширди. Бу ҳақда Цукерберг ўзининг саҳифасида маълум қилди.

Meta компанияси асосчиси 17 февраль ҳолатига кўра 260 минг аккаунт обуна бўлган Meta Channel каналини яратди. Ушбу каналга уланиш учун Цукербергнинг ижтимоий тармоқдаги асосий аккаунтига обуна бўлиш талаб этилади. Компания раҳбарининг айтишича, каналлар орқали матн, тасвир юбориш, сўровлар ўтказиш, турли реакциялар билдириш мумкин, тез орада эса канал администраторларининг меҳмонлар билан қўшма чиқишлари функцияси ҳам пайдо бўлади.
«Биз Instagram каналларни — трансляция учун янги чат функциясини ривожлантиришни бошладик. Мен бу канални янгиликлар ва Meta’да яратилаётган барча маҳсулотлар ҳамда технологияларнинг янгиланишлар билан бўлишиш мақсадида очдим», — деб ёзади Цукерберг.
Обуначилар каналларда пост қолдира олмайди. Ҳозирда улар фақат Instagram’да мавжуд, аммо «яқин ойларда» Messenger ва Facebook’да ҳам ишга туширилади. Цукербергнинг айтишича, каналлар айни вақтда фақат мобил қурилмаларда ишламоқда, ижтимоий тармоқнинг браузер версияси орқали каналга обуна бўлинса, бу ҳақда билдиришнома пайдо бўлади.
Ижтимоий тармоқнинг каналдан фойдаланиш қўлланмасида айтилишича, унинг ёрдамида чекланмаган аудитория билан трансляция ўтказса бўлади. Канал эгаси трансляцияни бошласа, обуначилар унда қатнашишга таклиф-ҳаволани олади.
The Verge’нинг ёзишича, янги каналлар охирги вақтларда позицияси сезиларли даражада қимирлаб қолган Twitter’га қўшимча рақобатни юзага келтириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Facebook ижтимоий тармоғи Instagramʼнинг 13 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган махсус версиясини ишлаб чиқиши маълум бўлганди. Facebookʼнинг ўзида ҳозирда шундай технология мавжуд бўлиб, у Messenger Kids деб номланган. Аммо ундаги барча функциялар ҳамда таркибий қисм ўсмирлар (14–18 ёш) учун мослаштирилган. Ишлаб чиқиладиган янги иловага эса ота-оналарга фарзандининг саҳифаларини назорат қилишга имкон берувчи тизим киритилади.