Ўзбекистон маълумотлар очиқлиги бўйича жаҳон рейтингида позициясини яхшилади
Ўзбекистон Open Data Watch ташкилотининг очиқ маълумотлар жаҳон рейтингида (Open Data Inventory) 66 балл билан дунёда 40-ўринни эгаллади. 2020 йилда мамлакат 63 балл билан 44-ўринни банд этганди.

Open Data Inventory (ODIN) рейтинги бўшлиқларни аниқлаш, очиқ маълумотлар сиёсатини илгари суриш, фойдаланиш имкониятини яхшилаш ва миллий статистика идоралари ва маълумотлар фойдаланувчилари ўртасидаги мулоқотни рағбатлантириш учун расмий статистиканинг қамрови ва очиқлигини баҳолайди. Унда мамлакатнинг статистик таклифларининг тўлиқлиги ва улардаги маълумотларнинг халқаро очиқлик стандартларига қанчалик мос келиши баҳоланади.

Фото: Gazeta.uz
2020 йилдан 2022 йилга қадар Ўзбекистоннинг умумий балли маълумотлар кўлами бўйича 52 дан 56 баллга, маълумотлар очиқлиги бўйича эса 72 дан 74 га ошган.
Ўзбекистон ижимоий ва иқтисодий статистикада ҳам ўз позициясини яхшилаган, бироқ атроф-муҳит статистикасида кўрсаткичлари ёмонлашган. Хусусан, агарда 2020 йилда мамлакатнинг «ифлосланиш» бўлимидаги балли 56 ни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу 0 баллни ташкил этмоқда.
Gazeta.uz’нинг ёзишича, Статистика агентлиги айрим бўлимларининг баҳоланиши бўйича Open Data Watch билан боғланган. Ташкилот баҳолашларга аниқлик киритиш мақсадида экспертлар гуруҳини Ўзбекистонга юборишини ва уни яхшилаш бўйича тавсиянома тақдим этишини маълум қилган.
Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида 1-ўринни эгаллади. Жаҳон рейтингида Қозоғистон 48-ўринда, Қирғизистон — 89-ўрин, Тожикистон — 120-ўрин ва Туркманистон эса 192-ўринда жойлашган.
2022 йилги рейтинг якунлари бўйича Сингапур биринчиликни қўлга киритган. Ундан кейинги поғоналарда Дания ва Финляндия жойлашган.
Мавзуга доир: Ўзбекистон демократия рейтингида 149-ўринни эгаллади
Аввалроқ Ўзбекистон паспортининг жаҳон рейтингидаги ўрни маълум бўлганди. Мамлакат фуқаролари 25 та давлатга визасиз ташриф буюриши мумкин, шунингдек, 44 та давлатга келгандан сўнг виза расмийлаштириш керак бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон мобил интернет нархи бўйича жаҳон рейтингида кўтарилгани тўғрисида хабар берилганди.