Ўзбекистон—Украина ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми оширилади
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Баҳромжон Аълоев Украина элчиси Микола Дорошенкони қабул қилди. Бу ҳақда «Дунё» агентлиги хабар берди.
ТИВ маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон—Украина ҳамкорлигининг турли соҳалардаги долзарб масалалари муҳокама қилинган.
«Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди», дейилади хабарда.
Февраль бошида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов Микола Дорошенкони қабул қилганди. Учрашувда савдо-иқтисодий йўналишда алоқаларни жадаллаштириш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриш муҳимлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Марказий Осиёлик журналистларга берган интервьюсида унинг мамлакати ҳозирги шароитда ҳам Ўзбекистон билан муносабатларни имкон қадар ривожлантиришга тайёр эканини айтганди.