Қашқадарёда ҳайдовчи одам уриб, қочиб кетди — видео
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида Lacetti ҳайдовчиси одам уриб, қочиб кетди. Вилоят ИИБнинг хабар беришича, воқеа 12 февраль куни соат 20:30 ларда Яккабоғ—Чироқчи—Шўрбозор автомобиль йўлида содир бўлган.
Аниқланишича, вилоятнинг Яккабоғ тумани «Чўмич» маҳалласи ҳудудида фуқаролардан бири йўл четида одам ётганини кўриб қолган ва ИИБ ҳамда тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилган. Натижада тегишли орган вакиллари текшириб кўрганда йўл четидаги одамни машина уриб юбориши оқибатда вафот этгани маълум бўлган. Шундан сўнг тезда пиёдани уриб қочиб кетган машинага қидирув эълон қилинган.
Олиб борилган тезкор суриштирув давомида фуқарони Яккабоғ туманида яшовчи 27 ёшли йигит ўзига тегишли бўлган Lacetti автомобилида уриб юборгани аниқланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Жиззахда Damas ҳайдовчиси 71 ёшли пиёдани уриб, воқеа жойидан қочиб кетгани ҳамда Бухорода ҳайдовчи машинасида Миллий гвардия ходимини уриб, қочиб кетгани ҳақида хабар берилганди.