Қашқадарёда кетма-кет иккита қор кўчкиси содир бўлди — видео
Ҳозирда кўчки оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида 16–17 февраль кунлари иккита қор кўчкиси содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 16 февраль куни, тахминан, соат 11:00 лар атрофида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани тоғли Кўл қишлоғига элтувчи автомобиль йўлида 1200 метр куб ҳажмдаги қор кўчкиси содир бўлган. Натижада воқеа жойига зудлик билан етиб борган туман ҳокимлиги ва фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан ушбу қор массалари зарур техникалар ёрдамида тўлиқ бартараф этилган ҳамда автомобиллар қатнови йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, ушбу ҳудудда 17 февраль, жума куни ҳам, тахминан, соат 10:30 ларда яна бир қор кўчиши кузатилган. Натижада йўлнинг тахминан 15 метр қисмини қор массалари ёпиб қўйган. Ҳозирда ушбу кўчки оқибатлари механизация кучлари ёрдамида бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Аниқланишича, ушбу иккита қор кўчкиси оқибатида бино ва иншоотларга зарар етмаган, шунингдек, тан жароҳати олган ёки ҳалок бўлган фуқаролар йўқ.
Мавзуга доир: Амирсой дам олиш масканида қор кўчиши кузатилди — фото
Эслатиб ўтамиз, февраль бошида ноқулай об-ҳаво сабаб Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг Қамчиқ довони худудида ҳамда М-39 Тошкент—Шаҳрисабз—Термиз автойўлининг Тахтақорача (Китоб) довонидан ўтган қисмида қор ёққан, шунингдек, туман тушиши натижасида йўлларда кўринувчанлик 50 метргача қисқарган эди.