Қашқадарёда қиз боланинг шахсий суратларини тарқатмаслик учун 5 минг доллар талаб қилган йигит ушланди
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида қиз боланинг шахсий фотоларини тарқатиш билан қўрқитиб, 5 минг доллар талаб қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.

Қайд этилишича, О.И. исмли фуқаро қиз бола билан гаплашиб юриб, унинг шахсий фотосуратларини қўлга киритган. Сўнг уларни ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан қўрқитиб, қиздан 5 минг доллар талаб қилган.
Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Шаҳрисабз шаҳар ИИБ томонидан қизнинг мурожаатига асосан тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбирда йигит қиздан талаб қилган 5 минг доллардан 1000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) ва 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир: Сирдарёда «Чарос» исмли йигит ўзганинг шахсий суратларини тарқатмаслик учун пул талаб қилди
Аввалроқ Тошкент вилоятида «Дилафрўз» исмли эркаклар фуқаронинг беҳаё суратларини тарқатмаслик учун пул талаб қилгани, Навоийда обрўсизлантирувчи расмини тарқатиш билан қўрқитиб, фуқародан пул талаб қилган аёл ушланганди. Шунингдек, Қашқадарёда қизларнинг фотошоп қилинган расмини тарқатмаслик учун пул сўраган 2 йигит қўлга олинган.