Самарқандда радиоактив қурилмани 1 млн долларга сотмоқчи бўлганлар ушланди
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда радиоактив ва заҳарли қурилмаларни сотиш билан шуғулланиб келган шахслар қўлга олинди.

Андижон вилоятида туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан судланган М.С., андижонлик шериги Р.С. ҳамда Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.О. ўзаро тил бириктирган ҳолда жиноий гуруҳ тузиб, мўмай даромад топишни режалаштирган.
Маълум бўлишича, Р.С. жиноий шериги М.С.нинг таклифига кўра, Андижон вилоятидаги танишидан гўёки ҳарбий мақсадда фойдаланиладиган радиоактив ва заҳарли қурилмаларни Самарқанд шаҳрига олиб келиб, ишончли харидор топилгунига қадар Самарқанд шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида яшаб келган.
Кейинчалик М.С. Самарқанд шаҳридаги таниши Ж.О. орқали мазкур мосламаларни умумий ҳисобда 1 миллион доллар эвазига маҳаллий фуқарога сотишга келишиб, олдиндан 200 минг доллар сўраган. Бу шахслар ичида 1 килограмм симоб моддаси бўлган қўлбола усулдаги қурилмани 200 минг доллар эвазига маҳаллий фуқарога сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари, Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти бошлиғи Иброҳим Тoшкентбоев Ўзбекистон ҳудудида 4 миллион тонна радиоактив чиқинди йиғилиб қолганини маълум қилганди. Радиоактив чиқиндилар Совет Иттифоқи даврида уран конлари фаолияти натижасида тўпланиб қолган. Марказий Осиё давлатларида жами 418 миллион тонна ядровий чиқинди мавжуд.