Оқ уй «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси Украинада 30 минг аъзосидан айрилганини маълум қилди
Россия Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлаганидан бери «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг 30 мингдан ортиқ ёлланма аскарлари ҳалок бўлган ёки яраланган. Бу ҳақда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби маълум қилди, деб хабар беради CNN.
Оқ уй маълумотларига кўра, 9 мингга яқин россиялик ҳалок бўлган, хусусан, уларнинг ярми — 2022 йилнинг декабрь ойи ўрталаридан бошлаб. Декабрь ойида ўлдирилганларнинг 90 фоизига яқини — Россия қамоқхоналарида оғдириб олинган ёлланма жангарилардир.
«Улар ўз аскарларига, асосан, маҳкумларни том маънода тўғридан-тўғри гўшт майдалагичга отиш каби муносабатда бўлади, ғайриинсоний, ўйламасдан. У («Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин) қамоқдан чиқариб олган ва жанг майдонига тайёргарликсиз юборган инсонлар ҳеч нарса билан таъминланмаган, ташкилот қўмондонлик йўқ, шунчаки жангга юборилган», — дейди Кирби. Унинг сўзларига кўра, «Вагнер» томонидан маҳкумларни оғдириб олиш ишлари давом этмоқда.
Аввалроқ АҚШ ва Ғарб давлатлари расмийларининг ҳисоблашича, Украинада ҳалок бўлган ва яраланган россиялик ҳарбий хизматчилар сони 200 минг кишига яқинлашаётгани тўғрисида хабар берилганди.
17 февраль куни Буюк Британия ҳарбий разведкаси ҳам шу каби маълумотларни берган: Россия Мудофаа вазирлиги кучлари ва хусусий ҳарбий компания 175 мингдан 200 минггача ҳарбийсидан айрилган, уларнинг 40—60 минг нафари ҳалок бўлган. Британия разведкаси тахминича, «Вагнер»да йўқотишлар даражаси 50 фоиз.
АҚШ ва Буюк Британия маълумотларига кўра, «Вагнер»га аъзолар сони 40-50 минг кишини ташкил этади. «Русь сидящая» жамғармаси раҳбари Олга Романовага кўра, «Вагнер» 50 мингга яқин маҳкумни жалб этган бўлиши мумкин, аммо фронтда уларнинг 10 мингга яқини қолган.
«Вагнер» қандай гуруҳ?
Кўплаб Ғарб ОАВлари «Вагнер» гуруҳи тўғридан-тўғри Владимир Путинга бўйсунишини ёзади. Унинг ёлланма жангчилари болаларни ўлдириш, аёлларни зўрлаш ва қийноққа солиш, шунингдек, шафқатсиз қотилликларда айбланиб келади.
«Конкорд» компанияси эгаси бўлган Евгений Пригожин 2016 йилдан буён АҚШ, 2020 йилдан буён эса Евроиттифоқ санкциялари остидадир. Вашингтонда у Интернет тадқиқотлари агентлиги (троллар фабрикаси) ва «Вагнер»ни назорат қилишда айбланган.
У «Вагнер»га алоқадорлигини кўп марта рад этган ва бундай айбловлар сабабли судлашган, аммо 2022 йил сентабрида у «Вагнер» асосчиси эканини маълум қилди. Ташкилотни 2014 йилда, унинг сўзларига кўра, «Донбассда рус халқига нисбатан геноцид» бошланган вақтда тузган.