Ўзбекистон 2022 йилда 11 та давлатдан музқаймоқ импорт қилгани маълум бўлди
Ўзбекистон 2022 йилда 11 та хорижий давлатдан қиймати 5,5 миллион долларга тенг бўлган 1,2 минг тонна музқаймоқ ва музқаймоқ маҳсулотларини импорт қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, музқаймоқ ва музқаймоқ маҳсулотлари импорти 2022 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 398 тоннага ошган. Ўтган 2022 йилда импорт қилинган музқаймоқ ва музқаймоқ маҳсулотларининг энг катта улушига эга бўлган давлатлар:
- Россия — 735 тонна;
- Қозоғистон — 369 тонна;
- Франция — 36 тонна;
- Беларусь — 32 тонна;
- Литва — 29 тонна;
- Италия — 0,2 тонна;
- Нидерландия — 0,1 тонна.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил апрелда Давлат божхона қўмитасига Туркияда ишлаб чиқарилган музқаймоқ импортини чеклаш юзасидан маълумот киритилганди. Ўшанда импорт қилинаётган маҳсулот таркибида саломатлик учун жиддий хавфга эга бўлган (ҳар хил пропорцияда кокос, пальма, пахта, кунгабоқар) ўсимлик мойлари борлиги аниқланган эди. Шунингдек, 2021 йил июнда Тошкентда «Андижон музқаймоқлари» бўйича ўтказилган рейд тадбирлари ўтказилган, августда эса Тошкент вилоятида 49 киши музқаймоқдан заҳарланган эди.
Мавзуга доир: Ўзбекистон киви импортини оширди
Аввалроқ Ўзбекистонда мандарин нархлари кескин арзонлашгани, мамлакат 2022 йилда Қозоғистонга энг кўп сабзи экспорт қилган давлат бўлгани, шунингдек, Ўзбекистон 2022 йилда рекорд даражада тарвуз экспорт қилгани ҳақида хабар берилганди.