«Ўзбекистоннинг барча газ ва нефтга оид эксклюзив ҳуқуқи 35 йилга Россия компанияларига берилмаган» — «Ўзбекнефтгаз»
«Ўзбекнефтгаз» Ўзбекистон ўзининг барча газ ва нефтга оид эксклюзив ҳуқуқини 35 йилга Россия компанияларига бермаганини маълум қилди.
Қайд этилишича, «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфида 118 та кон мавжуд бўлиб, шундан 85 та кондан табиий газ қазиб олинмоқда. Қолган 33 та конларда геология-қидирув ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу конларнинг табиий газ заҳираси республика умумий газ захирасининг 49 фоизи, яъни 1 триллион куб метрга яқин. Углеводородларни қазиб олишда жами 1450 та қудуқдан фойдаланилмоқда ва буларнинг барчаси, тўлиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖга тегишли.
«Сўнгги йилларда Устюрт, Бухоро—Хива, Ҳисор ва Фарғона регионларида заҳираларни кўпайтириш ҳамда янги конларни очишга қаратилган геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда.
Жамият томонидан нефть ва газ геология-қидирув ишларини сифатли ва тезкор амалга ошириш мақсадида замонавий ускуналарга эга маҳаллий ва хорижий корхоналар билан ҳамкорликда Устюрт, Бухоро—Хива регионларининг катта чуқурликдаги майдонларида бир қатор тадбирлар олиб борилмоқда», дейилади хабарда.
«Ўзбекнефтгаз» АЖга кўра, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан тайёрланган 20 та янги майдон жамиятга тақдим этилиб, уларда янги қудуқларни бурғилаш ишлари олиб бориш режалаштирилмоқда.
Маълумот учун, 2020–2022 йилларда республика ҳудудида 4000 квадрат метр 3Д қидирув ишлари бажарилган, 42 та янги майдон бурғилашга жалб этилиб, 116 та янги қудуқ бурғиланган ва натижада 12 та янги табиий газ конини очиш билан бир қаторда, 90 миллиард куб метрдан ортиқ табиий газ ҳамда 3,8 миллион тонна суюқ углеводород заҳиралари кўпайтирилган.
Хусусан, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан 2022 йилда «Янги Олот», «Янги Тегирмон» ва «Ниёз» каби конларнинг очилиши билан ҳозирда геология-қидирув ишларининг асосий тадбирлари «Тегирмон» конлари гуруҳи ҳамда «Ниёз» газконденсат конига қаратилган.
Қазиб чиқариш тадбирлар доирасида 2022 йилда 32,2 миллиард куб метр табиий газ, 100,2 минг тонна нефть ва 1 428,3 минг тонна газ конденсати маҳсулотлари қазиб олинди, 697,8 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилди ҳамда газни қайта ишлаш заводларида табиий газни қайта ишлаш орқали 236,5 минг тонна олтингугурт 127,4 минг тонна полиэтилен ишлаб чиқарилди.
Нефть маҳсулотларини Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида қайта ишлаш орқали қарийб 1 млн тонна бензин, 331 минг тонна дизель ёқилғиси, 141 минг тонна авиакеросин ишлаб чиқарилди. Шунингдек, газни ўта чуқур қайта ишлаш натижасида юқори технологияларни жамлаб олган GTL заводида 140 минг тонна дизель ёқилғиси ишлаб чиқаришга эришилди.
Хабарга кўра, Schlumberger компанияси томонидан ҳалқаро стандартларга мувофиқ 2023 йил учун «Ўзбекнефтгаз» АЖ макро инвест дастури ишлаб чиқилган.
Дастурга кўра, 111 та қудуқни бурғилаш, шундан 81 таси эксплуатацион қудуқ, 30 та излов-қидирув қудуғи, 56 та қудуқда мукаммал таъмирлаш, 25 та технологик объектда қурилиш, модернизация ва реконструкция ишларини бажариш белгиланган.
Бундан ташқари, 552 та қудуқда жорий таъмирлаш ҳамда интенсификация ишларини олиб бориш натижасида базавий табиий газ қазиб чиқаришнинг 990,7 миллион куб метр камайишининг олди олинади.
Конларда табиий газ қазиб олишни барқарорлигини таъминлаш мақсадида “Жанубий Тандирча” конида сиқув компрессор станцияси, “Шўртан”, “Гирсан”, “Чўлқувур” ва “Янгиказган” конларида кичик компрессор станцияларини қуриб ишга тушириш режалаштирилган.
Шу билан бирга, 2023 йилда ҳам геология-қидирув ишлари доирасида янги майдонларда қўшимча 50 та қудуқ бурғилаш ҳамда 1,5 минг кв км ҳажмда 3Д сейсмик ишларни бажариш режалаштирилган. Бунинг учун Тоғ кон саноати ва геология вазирлиги томонидан тайёрланган 25 та янги майдонлар тақдим этилиб, уларнинг лицензиялари расмийлаштирилди. Ҳозирда уларда янги қудуқларни бурғилаш учун майдонларниннг паспортларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Устюрт минтақасининг юқори истиқболга эга бўлган 4000-6500 метр чуқурликлардаги майдонларнинг 3Д сейсмик маълумотларини янги eXchroma технологияларида қайта атрибут таҳлил қилиш орқали Судочий ботиқлигининг чуқур геологик тузилишини, қудуқларни бурғилашдан олинган барча геологик-геофизик ва бошқа маълумотларни ўрганиш ҳамда ҳудуднинг регионал модели асосида аниқланган янги маҳсулдор қатламларни нефтгазга истиқболлиги ҳамда углеводород ресурслари баҳолаш натижасида Schlumberger халқаро сервис компанияси билан ҳамкорликда ишлар олиб борилади.
Ушбу чора тадбирларни амалга ошириш билан 2023 йилда табиий газ қазиб чиқариш 32,8 миллиард куб метр, нефть 61,0 минг тонна, газ конденсати 1310,0 минг тонна, шундан суюлтирилган газ 672,1 минг тонна ишлаб чиқариш режалаштирилган.