Тошкент метрополитенида савдо майдончалари қайта очилади
Тошкент метрополитенида тажриба тариқасида савдо майдончалари қайтарилади. Бу ҳақда метрополитен матбуот хизматига таяниб Взгляд.uz хабар берди.

Маълум қилинишича, Президентнинг «Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларида метрополитен фаолияти самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишларидан бири сифатида шаҳарсозлик фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солувчи норматив ҳужжатлар талаблари доирасида метрополитен ҳудудида сервис, савдо ва реклама тизимини жорий этиш белгиланган.
Шу сабабли белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент метрополитени тажриба тариқасида «Новза» метро станциясининг пиёдалар ўтиш йўлларида савдо майдончаларини тиклайди.
2021 йилда метрополитен мутасаддилар ерости ва ерусти метро бекатларида савдо ва хизмат кўрсатиш майдончалари ташкил этилиши ва тадбиркорларга электрон аукцион шартларида ижарага берилишини маълум қилганди.
Аввалроқ Тошкент метрополитени тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида йўловчиларга мурожаат билан чиққани, Тошкент метрополитенида сентябрдан бошлаб поездлар интервали қисқаргани, Тошкент метросида сумкасида бомба борлигини айтиб, ҳазиллашган қиз 5 суткага қамалгани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, 8 февраль куни Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни Тошкент ер усти метроси қурилишининг иккинчи босқичида амалга оширилаётган ишлар билан танишганди. Бугунги кунда Тошкент ер усти метросининг биринчи босқичи ва Сергели йўналишини боғловчи Қўйлиқдан Сергелигача бўлган ер усти йўли барпо этилмоқда. Қарийб 12 километрлик бу қисмда 7 та бекат бўлади. Ҳозирда Қурувчилар даҳасигача борган 5 та бекати қуриб битказилган.