Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун 200 та 18 метрлик автобус олиб келинади
«Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди, деб хабар беради Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали.
Қарорга кўра:
- шаҳар автобус йўналишларида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизими босқичма-босқич жорий этилади;
- ташувчилар билан ҳисоб-китоблар «босиб ўтилган йўл» ва «сифат» мезонлари асосида амалга оширилади;
- йўлкира ҳақини кунлик йиғиш режа-топшириғини белгилаш амалиёти бекор қилинади;
- ташувчилар томонидан йўналиш кўрсаткичлари бажарилишини мониторинг қилиш, бажарилган иш ҳажми ва сифатини аниқлаш ҳамда баҳолаш, йўлкира ҳақи тўланишини ва кўрсатилган хизматлар сифатини назорат қилиш учун автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви ва назорат тизими ташкил этилади.
Шаҳарларда автобус йўналишларининг янги тармоғи жорий этилиши, автоматлаштирилган тўлов тизими ва автоматлаштирилган диспетчерлик хизматининг босқичма-босқич:
- 2023 йил 1 мартгача — Тошкент шаҳрида;
- 2023 йил 1 августгача — Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида;
- 2024 йил 1 июнгача — Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида йўлга қўйилади.
Йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизими босқичма-босқич:
- 2023 йил 15 апрелдан — Тошкент шаҳрида;
- 2024 йил 1 январдан — Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида;
- 2024 йил 1 июндан — Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида ишга туширилади.
Маълумот учун, Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун 200 та 18 метрлик ва 500 та 12 метрлик табиий газда ишлайдиган автобуслар ҳамда 300 та 12 метрлик электробуслар, Нукус шаҳри ва вилоят марказлари жамоат транспорти учун жами 1000 та табиий газда ишлайдиган автобус харид қилиш бўйича келишувларга эришилган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябрда йил якунигача яна 25 та ўтириш ва 31 та туриш ўрнига эга бўлган 85 дона SAZ LE-60 ўрта сиғимли автобус ҳам олиб келиниши айтилганди. Улар 2022 йил харид қилинган шу русумдаги 115 дона автобусга қўшилиб, Yutong русумидаги 20 дона электробусдан иборат паркка шу йил янги электробуслар қўшилмаслиги, улар 2023 йилда олиб келиниши маълум қилинган.