Рамзан Қодиров хусусий ҳарбий компания яратмоқчилигини маълум қилди
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров раҳбарлик фаолиятини якунлагандан кейин хусусий ҳарбий компания яратиш нияти борлигини маълум қилди. Бу ҳақда у Telegram’даги каналида ёзиб қолдирган.
Рамзан Қодиров бундай қарорга келишига сабаб қилиб Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётган «Путиннинг ошпази» деб айтиладиган Евгений Пригожин ва унинг ҳарбий компанияси «Вагнер»ни мисол қилиб келтирган. Қодировни сўзларига кўра, «Вагнер» Украинадаги махсус ҳарбий операция давомида энг қийиқ топшириқларни ҳам «аъло» даражада бажармоқда.
Мавзуга доир: Оқ уй «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси Украинада 30 минг аъзосидан айрилганини маълум қилди
Шунингдек, Қодировнинг фикрича, чечен махсус кучларининг «Ахмат» жангчилари ҳамда «Вагнер»чилар биргаликда махус ҳарбий операция зонасида дадил тарзда олдинга силжишмоқда. Шу сабабли, Чеченистон раҳбари бугунги кунда «Вагнер»га ўхшаган хусусий ҳарбий компанияларни яратишни замон талаби деб ҳисоблашини айтиб ўтган.
«Давлат хизматидаги ишимни тугатгач, азиз биродаримиз Евгений Пригожин билан рақобатлашиб, хусусий ҳарбий компания ташкил этишни жиддий режалаштирганман. Менимча, ҳаммаси жойида бўлади», — дея ўз сўзини якунлаган Қодиров.
Маълумот учун, Украинадаги уруш бошланмагунча тан олинмаган ёки борлиги инкор этиб келинган «Вагнер» гуруҳи собиқ иттифоқ давлати ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин очиқчасига фаолият юрита бошлади. «Вагнер»нинг тарихи 2013 йилга бориб тақалади. Хусусий ҳарбий компаниянинг бугунги кундаги бошлиғи санкт-Петербурглик 62 ёшли тадбиркор Евгений Пригожин саналади.
Аввалроқ Буюк Британия ҳарбий разведкаси Украинада Россия Мудофаа вазирлиги кучлари ва хусусий ҳарбий компания 175 мингдан 200 минггача ҳарбийсидан айрилган, уларнинг 40—60 минг нафари ҳалок бўлган, дея хабар берганди. Британия разведкаси тахминича, «Вагнер»да йўқотишлар даражаси 50 фоизни ташкил этмоқда. Шунингдек, Чеченистон етакчиси ўзида ўқланган пистолети борлигини, уни Зеленскияга юборишга тайёрлигини билдирганди.