Шавкат Мирзиёев Мисрга давлат ташрифи билан боради
Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикаси президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисининг таклифига биноан 20-21 февраль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон-Миср муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларининг кенг доираси ўрин олган. Шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилади. Шу билан бирга, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилади.
«Саммит якунида Қўшма баёнот қабул қилиниши ва қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, ташриф доирасида Ўзбекистон раҳбари Мисрнинг етакчи компаниялари раҳбарлари ва ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳам учрашув ўтказади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 16-18 январь кунлари давлат ташрифи билан Сингапурга бориши ҳамда 26 январь куни давлат ташрифи билан Қирғизистонга ташриф буюриши ҳақида хабар берилганди.