Тошкент вилоятида бир оиланинг 4 нафар аъзоси овқатдан заҳарланиб, вафот этди
Тошкент вилояти Оққўрғон туманининг Бирлик маҳалласида яшовчи оилада 17 февраль куни овқатдан оммавий равишда заҳарланиш ҳолати содир бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга асосланиб, «Газета.uz» хабар берди.
Маълум қилинишича, 17 февраль куни бир оиланинг 3 нафар аъзоси: 1961 йилда туғилган аёл А.З., 1978 йилда туғилган эркак Х.М. ва 1982 йилда туғилган аёл С.Р. вафот этган. Бундан ташқари, ушбу хонадонда яшовчи 18 ёшли Р.М., 20 ёшли Д.М., 11 ёшли Т.М. ва 2 ёшли Ҳ.А. «номаълум этиологик заҳарланиш» ташхиси билан тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, 18 ёшли Р.М. касалхонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Аниқланишича, воқеа жойини кўздан кечириш давомида экспертиза текшируви учун қовурилган балиқ ва мошкичири овқати қолдиқлари, помидор ва бодрингдан тайёрланган тузлама, «компот» ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар олинган.
Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, фуқаролар ўлимига номаълум этиологияли овқатдан заҳарланиш сабаб бўлган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
Мавзуга доир: «Док-1 Макс»дан вафот этган болалар сони 18 нафарга етди
Аввалроқ Самарқандда бир оиланинг икки фарзанди қўлбола тузламадан заҳарланиб вафот этгани, Қашқадарёда эр-хотин ҳамда уларнинг 3 ва 5 ёшли фарзандлари ис газидан вафот этгани ҳамда Фарғонада уч кунлик келин-куёв ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳақида хабар берилганди.