Туркиядаги зилзила сайёҳлик оқимига таъсир кўрсатадими?
Туркия жанубий-шарқида 6 февраль куни 9 соатлик фарқ билан — 7,7 ва 7,6 магнитудали иккита зилзила содир бўлди. Ражаб Тойиб Эрдўғонинг сўзларига кўра, ушбу ер силкиниши мамлакат тарихида 1939 йилда қайд этилган энг фожиали зилзиладан кейингиси бўлган.
Ер қимирлашлари Туркиянинг ўнлаб вилоятларида, шунингдек, қўшни мамлакатларда ҳам сезилди. Бу галги зилзила 1939 йилдан бери Туркия бўйлаб шарқдан ғарбга, Шимолий Онадўли ёриғи бўйлаб «ҳаракатланаётган» 7 магнитудали зилзилалар қаторидаги саккизинчиси бўлди. Кўпчиликда мамлакат жануби–шарқида юз берган зилзила Туркиянинг Анталия, Алания ёки Измир каби сайёҳлик марказларига таъсир кўрсатадими, деган савол пайдо бўлди. Сабаби Туркия туризм мамлакати саналади. Ўртача ҳисобда бир йил давомида Туркияга 50 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюради.

Ҳозирда Туркия ҳукумати зилзиладан жабрланганларнинг бир қисми Анталиядаги меҳмонхоналарга жойлаштирилишини маълум қилди. Таҳлилчиларнинг фикрича, Газиантеп шаҳрида юз берган зилзила Туркия сайёҳлик соҳасига деярли салбий таъсир кўрсатмайди. Унга кўра,зилзиладан жабрланганлар маълум бир вақтгача меҳмонхоналарга жойлаштирилади (уларнинг меҳмонхоналарда яшашлари учун ҳақ хукумат томонидан қопланади).
Бундан ташқари, мамлакатнинг йирик сайёҳлик марказларидан бири бўлган Анталияда сайёҳлик мавсуми асосан июнь-август ойларига тўғри келади. Мутахассислар Россия туроператорлари Ассоциацияси зилзила Туркия курортларидаги хизмат кўрсатиш сифатига таъсир кўрсатмаслигини тахмин қилмоқда. Ассоциация ижрочи директори Мая Ломидзенинг айтишича, зилзиладан азият чеккан минтақалар россиялик сайёҳлар орасида машҳур бўлмаган.
«Кўп йиллик тажрибамиздан хулоса қилсак бўладики, табиий катаклизмалар нуфузли йўналишлардаги вазиятни ўзгартирмайди», – дейди «ITM group» туроператори бош директори Константин Малков.
Унинг айтишича, кўп йиллар мобайнида Туркия — ноёб туристик салоҳият ярата олган. Шу сабабли зилзила оқибатлари Туркиянинг сайёҳлик салоҳиятига жиддий таъсир ўтказмаслиги мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, май ойига қадар Туркия туристик салоҳиятини тўла тиклай олади.
Бугунги кунга келиб кўплаб таҳлилчилар 6 февраль куни содир бўлган зилзиладан Туркияга келувчи сайёҳлар сони қисқарганини айтишмоқда. Бироқ айни пайтда Туркияда ер силкинишидан кейин қайта тиклаш ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Бунинг устига зилзила эпицентри бўлмиш Газиантеп шаҳри туризм маркази саналмиш Аланиядан 626 километр, Анталиядан 823 километр, Измирдан эса 1100 километрдан зиёд узоқликда жойлашган.

Дунё бўйича Туркияга саёҳат қилишни хуш кўрувчилар орасида етакчилардан бири бўлган Россияда Анталия курортларини олдиндан буюртма қилиш аввалги кўрсаткичга чиқа бошлаган. Хусусан, мавсумда йўлланма 1 000 долларга сотилса, ҳозир йўлланма нарҳи 500 доллар туради. Яъни Россияда саёҳатга олдиндан буюртма бериш зилзилагача бўлган даврга қайтганини кўриш мумкин. Туристик агентлик мутахассисларининг айтишича, зилзилага қарамасдан ёз мавсуми учун Туркия курортларида йўлланма нархи арзонламаслиги кутилмоқда.
Бундан ташқари, «ASIA LUXE TRAVEL» миллий тур оператори департамент рахбари Икромжон Қосимов Туркияда содир бўлган зилзила ўзбекистонликларнинг Туркияда дам олиш режаларига қандай таъсир ўтказиши ҳамда ўзбекистонликлар томонидан аввалгидай Туркияга бориб дам олиш учун шарт-шароитлар ҳақида ўз фикрини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, зилзила юз берганидан сўнг бир ҳафта ичида Туркиядаги аксарият туристик тадбирлар бекор қилиниши сабабли авиачипта нархлари қисман арзонлашди ва ўз навбатида буюртмалар сони кескин қисқариши кузатилди. Натижада мехмонхоналар нархлари ҳам ўз навбатида арзонлашгани кузатилди, аммо бу ҳолат ёзги туристик мавсум вақтида амалга оширилиши режалаштирилган чартер рейсларга салбий таъсири бўлмаслиги мумкин.
«Ўзбекистонликлар туркиялик биродарларининг дардига шерик эканликларни намоён қилдилар. Уларни тушунса бўлади. Айни дамда йўлланмаларни буюртмалаш аввалги ҳолатга аста секин қайтиши кузатилмоқда. Маълумки, йўлланмаларнинг бир қисми 5-6 ой аввал буюртма қилинади. Мавсум эса июнь ойида бошланади. Мавсум бошлангандан то охирига қадар Анталия, Бодрум, Алания ва Даламан шаҳарларига чартер рейсларни йўлга қўйиш назарда тутилган», — дейди Икромжон Қосимов.
Мавзуга доир: Туркияга 2022 йилда 51,4 млн сайёҳ ташриф буюрди
Аввалроқ Туркияда 2022 йилда 10 мингдан ортиқ археологик топилмалар аниқлангани ҳақида хабар берилганди.