Ўзбекистон мактабларида 100 мингта тўгарак ташкил этилади. Бунга бюджетдан салкам 80 млрд сўм ажратилган
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўқувчиларда касб-ҳунар кўникмаларини шакллантириш мақсадида умумтаълим муассасаларида 100 мингта тўгарак ташкил этилади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди. Ҳозирда бу бўйича зарур ишлар бошланган.

Қайд этилишича, мактаб ўқувчиларини касбга йўналтириш, таълим муассасаларида бепул тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича зарур топшириқлар Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 28 январдаги «2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармонида белгиланган.
Ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан 79,5 миллиард сўм ажратилган бўлиб, тўгараклар йўналишини аниқлаш бўйича ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида сўровномалар ўтказилмоқда.
«Бунда ўқувчиларга ахборот-коммуникация технологиялари, IT-инжиниринг, таржимонлик каби йўналишлар бўйича тўгараклар ташкил этишга устуворлик берилмоқда», дейилади хабарда.
Аввалроқ «Халқ таълими вазирлиги тизимида Ўқувчи-ёшларни келажак касбларига тайёрлаш марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинганди.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда «Ёшлар дафтари»га киритилганларга IT ва чет тилларини ўрганиши учун субсидия берилади
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг мартида Вазирлар Маҳкамасининг «Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар)да касбга ўқитиш курсларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинганди.