Қамчиқ довонида кучли ёғингарчилик кузатилиб, кўрувчанлик кескин қисқаради
Қамчиқ довонида кучли ёғингарчилик кузатилиб, кўрувчанлик кескин қисқаради. Бу ҳақда «Ўзгидромет» директори Шерзодҳўжа Кҳабибуллаев Facebook’даги саҳифасида хабар берди.
Маълум қилинишича, 24-26 февраль кунлари А-373 «Тошкент – Ўш» автомобиль йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган қисмида қор ёғиши, вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик, туман тушиши кузатилиши, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши ҳамда шамол тезлиги 15-20 метр/секундгача кучайиши, шунингдек, йўлларда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши мумкин.
Бундан ташқари, 21-28 февраль кунлари кутилаётган ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратининг сезиларли ўзгаришлари сабабли республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиш хавфи мавжуд. Хусусан:
- Қашқадарё вилояти: Китоб ва Шаҳрисабз туманларида;
- Сурхондарё вилояти: Сариосиё ва Бойсун туманларида;
- Самарқанд вилояти: Самарқанд ва Ургут туманларида;
- Жиззах вилояти: Зомин ва Бахмал туманларида;
- Тошкент вилояти: Паркент, Оҳангарон, Бўстонлиқ туманларида ва Чотқол тизмасининг «Чимён» тоғларида;
- Наманган вилояти: Поп туманида;
- Фарғона вилояти: Сўх ва Фарғона туманларида қор кўчиш хавфи элон қилинди.
Тоғли худудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли худудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўриш сўралган.
Мавзуга доир: «Ўзгидромет» республика ҳудудига қачондан совуқ ва нам ҳаво кириб келишини маълум қилди
Аввалроқ Ўзбекистонда 21 февраль куни ҳаво ҳарорати 22 даражагача кўтарилиши ҳамда Қамчиқ довонида қор кўчкиси содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.