Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Қоҳирага борди
Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикаси президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисининг таклифига биноан 20 февраль куни давлат ташрифи билан Миср пойтахти Қоҳирага келди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Миср пойтахтининг халқаро аэропортида Ўзбекистон етакчисини Миср Араб Республикаси президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси кутиб олди ва самимий қутлади. Шу ернинг ўзида Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи муносабати билан икки мамлакат байроқлари кўтарилди ҳамда фахрий қоровул саф тортди.

Бундан ташқари, иккала давлат раҳбарларининг қисқа учрашуви ҳам бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев бугуннинг ўзида Қоҳирада Аҳмад Фарғоний томонидан барпо этилган «Миқёси Нил» иншоотига ташриф буюради ва Миср цивилизацияси миллий музейи билан танишади. Шунингдек, ушбу мамлакат етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказилади.
Ташрифнинг асосий тадбирлари, шу жумладан олий даражадаги музокаралар эртага, 21 февраль кунига мўлжалланган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг Мисрга давлат ташрифи билан бориши ҳақида хабар берилганди.