Тошкентда бегона эркак болани мактабдан олиб кетмоқчи бўлди — видео
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида номаълум шахс болани қўлидан тортиб, мактаб ҳудудидан судраб олиб кетмоқчи бўлгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, 19 февраль куни тахминан соат 12:35 лар атрофида Яшнобод тумани Авиасозлар-2 даҳасидаги 151-сонли умумий ўрта таълим мактабида номаълум шахс ушбу мактаб ўқувчиси ҳисобланган 2011 йилда туғилган М.О.ни тўхтатиб, қўлидан ушлаб: «Шу мактабда таҳсил оласанми?», — деб сўраган.
Натижада вояга етмаган мактаб ўқувчиси ушбу шахсни танимаганлиги сабабли у билан гаплашмаслигини билдириб, қўйиб юборишини айтган ҳамда уйига кетган. Аниқланишича, ҳозирда бола ота-онасининг ёнида соғ-саломат ҳолатда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Ўрганишлар жараёнида видеода акс этган шахс 1994 йилда туғилган М.У. эканлиги аниқланган. Қайд этилишича, текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Мавзуга доир: Тошкентда бола ўғрилари пайдо бўлгани айтилди
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкентда бола ўғрилари пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Ҳолат юзасидан ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов Тошкентда бола ўғрилари пайдо бўлгани айтилган миш-мишларни асоссиз ва ҳақиқатдан йироқ деб атаганди.