Туркиядаги зилзилалар қурбонлари сони 41 минг кишидан ошди
Туркия жанубида юз берган зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 41 020 кишига етди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бошқармаси (AFAD)га таяниб Anadolu хабар берди.

Идора маълумотларига кўра, 6 февраль тонгида юз берган 7,7 балли зилзилалардан кейин 6210 та афтершок қайд этилган.
Ҳозирда зилзиладан жабр кўрган ҳудудларда 19,4 мингдан ортиқ Туркия ҳамда хорижлик қутқарувчилар қидирув-қутқарув ишларини олиб бормоқда.
Табиий офатдан зарар кўрган жойларда Туркиядаги тегишли вазирлик ҳамда идоралар, шунингдек, бошқа хориж давлатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан тақдим этилган 216 166 та чодир тикланган.
Аввалроқ Туркияда содир бўлган зилзилалар оқибатида ҳалок бўлган ўзбекистонликлар сони тўрт кишига етгани тўғрисида хабар берилганди. 12 февраль куни зилзила оқибатида Шонлиурфа шаҳрида вафот этган яна бир Ўзбекистон фуқароси — 42 ёшли аёл М.Б.нинг жасади Истанбулдан Тошкентга юборилган. Шунингдек, 17 февралб куни Туркиядаги зилзиладан 261 соат ўтиб, вайроналар остидан икки киши қутқарилганди.
Мавзуга доир: Жаҳон банки Туркияга 1,78 млрд доллар ажратади
Эслатиб ўтамиз, магнитудаси 7,7 га тенг зилзила 6 февраль тонгида Сурия чегарасидаги Қаҳрамонмараш туманида кузатилган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг айтишича, ҳалокат 10 та вилоятга таъсир кўрсатган ва сўнгги 84 йил ичидаги энг ҳалокатлиси ҳисобланади: 1939 йилда Туркияда содир бўлган зилзила оқибатида 30 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганди.
Туркия вице-президенти Фуат Октайнинг айтишича, зилзилаларда инсонларнинг оммавий ҳалок бўлишида айбдор дея гумонланаётган камида 113 кишини ҳибсга олишга ордер берилган. Тергов давомида бир неча киши ҳибсга олинган. 11 февраль куни Истанбул аэропортида Меҳмет Яшар Кошкун ушланганди — у зилзила вақтида бутунлай қулаб тушган 12 қаватли турар жой биносининг қурилиши билан шуғулланган пудратчидир. Anadolu агентлиги маълумотларига кўра, у Черногорияга учиб кетмоқчи бўлган. Мазкур аэропортда 12 февраль куни Явуз Каракуш исмли яна бир пудратчи рафиқаси билан қўлга олинган, улар Грузияга учмоқчи бўлган.