21:00 | 21.02.23 302

Бугун оқшоми. Ядро қуроли билан таҳдид қилган Путин, «хавфли чизиқ»қа етиб келган Ўзбекистон ҳамда еттита вилоят ҳокимлигига «сахийлик» қилган Тошкент ҳокими

@bugunoqshomi — Бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Қоҳирадаги «Ал-Иттиҳодия» саройида Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, шу ернинг ўзида икки томонлама музокаралар ҳам ўтказилди

Расмий ташриф билан Миср Араб Республикасида бўлиб турган Шавкат Мирзиёевни 21 февраль куни Қоҳирадаги «Ал-Иттиҳодия» саройида тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Маросимдан сўнг икки томонлама олий даражадаги музокаралар ўтказилди. Хусусан, учрашувда cиёсат, хавфсизлик, савдо ва саноат кооперацияси соҳаларидаги ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ҳамда маданий-гуманитар ва таълим алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари музокараларнинг асосий мавзулари бўлди.


Бундан ташқари, энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Мисрни боғлаб турган транспорт йўлакларини ривожлантириш чоралари ҳам муҳокама қилинди. Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Абдулфаттоҳ ас-Сисига Ўзбекистонга ташриф билан келишни таклиф этди.

Қашқадарёда эркак киши кўп қаватли уйдан тушиб кетиши оқибатида вафот этди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёдаги Qarshi city’да фуқаро кўп қаватли уйнинг юқори қаватидан тушиб кетиб вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унга кўра, тармоқларда 25–30 ёшли йигит 10-қаватдан сакраган бўлиши мумкинлиги айтилган.  

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, Қарши шаҳар прокурори бошчилигида тезкор-тергов гуруҳи томонидан воқеа жойи кўздан кечирилиб, марҳум фуқаронинг шахси ва содир этилган ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда жиноий жавобгарликлар енгиллаштирилиши сабабли мамлакат «қизил чизиқ»қа етиб келди

Адлия вазирлигининг маълум қилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда жиноий жазоларни либераллаштириш сиёсати олиб борилганига қарамасдан жиноятлар сони ошмоқда. Хусусан, 2019 йилда республика бўйича 46,09 минг жиноят содир этилган бўлса, 2020 йилда уларнинг сони 34,6 фоизга ошган. Айниқса, босқинчилик ва талончилик (152 фоизга), ўғрилик (142 фоизга), фирибгарлик (134 фоизга), безорилик (93 фоизга) каби жиноятлар сони юқори суръатларда ошиб бормоқда.

Фото: Bugun.uz

Адлия вазирининг қайд этишича, суд муҳокамаси ва айблов ҳукми эълон қилинганидан сўнг кўплаб маҳкумлар жазони ўташдан шартли равишда озод қилинади ёки уларнинг жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Мисол учун, 2022 йилда 56,5 минг фуқаро судланган бўлса, параллель равишда 26,75 минг киши (нисбат — 47,3 фоиз) муддатидан олдин шартли равишда озод этилган, 10,2 минг шахснинг жазоси эса енгиллаштирилган (18,04 фоиз). «Жиноий жазодан муддатидан олдин озод бўлиш ёки амалда уни енгиллаштириш имконияти жуда катта экани аниқ. Мавжуд вазият жиноят қурбонлари орасида жиддий норозиликни келтириб чиқармоқда», – дейилади Адлия вазирлиги хабарида

Тошкентда еттита вилоят ҳокимликларига меҳмонхона қуриш учун ер ажратилади

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмоновнинг қарори билан Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Андижон, Сурхондарё ҳамда Наманган вилояти ҳокимликларига пойтахтдан 0,32 гектардан ер майдони ажратиб берилади. Қарорда келтирилишича, ҳар бирига меҳмонхона қуриш учун мўлжалланган ер майдонлари пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани «Чингелди» МФЙ ҳудудида жойлашган аҳоли пункти ерларидан 0,32 гектардан ажратилади.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Маълумот учун, ажратилиши белгиланган ушбу «Чингелди» маҳалласи аввал Тошкент вилояти Қибрай туманига қарашли бўлган, 2021 йил май ойида 20 та маҳалла қаторида Тошкент шаҳри таркибига ўтказилган.

Ҳиндистонда ўзбек-ҳинд ҳарбий ўқув машғулотлари бошланди

Ўзбекистон ва Ҳиндистон Мудофаа вазирликлари ўртасида имзоланган икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режасига мувофиқ Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 45 нафар ҳарбий хизматчиси «Дўстлик—2023» биргаликдаги ўзбек-ҳинд ўқувида иштирок этиш Ҳиндистонга етиб борди.

Ҳамкорликдаги машғулотлар доирасида икки давлат ҳарбий хизматчиларининг шартли террористик гуруҳларини қидириб топиш, йўқ қилиш, тоғли тўсиқларни енгиб ўтиш ҳамда тоғли ўрмон шароитларида жанговар операцияларни бажариш каби махсус вазифалар ҳамда спорт ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Қорақалпоғистонда қурилаётган 5 қаватли уйнинг зинапояси қулаб тушди

Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманидаги «Янги Ўзбекистон» массивида қурилаётган беш қаватли уйнинг зинаси қулаб тушди. Туман ҳокимлигининг маълум қилишича, ушбу зиналар «Тақиятас Тау-Кита» темир-бетон заводи томонидан тегишли шартнома асосида етказиб берилган.

Қурилишга масъул шахснинг айтишича, ушбу бинода 2022 йил май ойида қурилиш ишлари бошланган. Натижада 2023 йилнинг 3 февраль куни бинонинг 3-қаватига зиналар ўрнатилган. Бироқ 7 февраль куни уларда ёриқ ҳосил бўлиб, қулаб тушган. «Бизга зиналарни етказиб берган корхона раҳбарларини чақириб, ҳолатни кўрсатдик. Бошқа подездларга ҳам ушбу корхонанинг зиналари қўйилган эди. Кўп вақт ўтмай, улар ҳам ёрилишни бошлади. Уларни ҳам завод масъулларига кўрсатиб, олиб ташладик. Уларни алмаштириб, умумий 9 зинани янгидан қуриб берадиган бўлди», дейди қурилишга маъсул бўлган Мақсет Бекимбетов.

Шунингдек, бошқа хабарлар:

  1. Ўзбекистоннинг очиқ маълумотлар бўйича жаҳондаги ўрни маълум бўлди;
  2. Россия урушга талабаларни сафарбар қилиши мумкин;
  3. Ўзбекистон Сурияга инсонпарварлик ёрдами юборди;
  4. «Ўзбекистонга ёрдам бериш учун бор ресурсларимни йўналтираман» — Алишер Усмонов.

Хўш, дунёда нима гап?

Россия президенти Владимир Путин Федерал мажлисга йиллик мурожаатида ядровий қуроллар билан таҳдид қилди. Шунингдек, Қўшма штатлардан НАТО ва АҚШ ҳарбий техникаларини Украина ҳудудидан олиб чиқиш талаб қилинди

Владимир Путин Федерал мажлисга йиллик мурожаатида унинг мамлакати АҚШ билан имзоланган стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш бўйича шартномадан чиқишини айтиб ўтди. Шунингдек, Путиннинг сўзларига кўра, ҳозирда Қўшма Штатлар ядро қуролининг янги турларини яратмоқда, шу сабабли ҳам Россия ядровий синовларни ўтказишга тайёр бўлиши керак. Путин ўз нутқида Мудофаа вазирлиги ва «Росатом»га ядровий синовларга тайёргарлик кўриш кераклигини таъкидлади. Россия президенти Владимир Путиннинг Федерал мажлисга қарийб икки соат давомида йўллаган мурожаатининг асосий мазмуни ҳақида бу ерда батафсил ўқишингиз мумкин.

Фото: Kremlin.ru

Бундан ташқари, Путиннинг Федерал мажлисга йиллик мурожаати тугаганидан бир неча дақиқа ўтиб АҚШнинг Москвадаги элчиси Линн Трейси ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, унга Россия ТИВнинг норозилик нотаси топширилди. Унда АҚШ ва НАТО мамлакатлари томонидан Украинага ҳарбий техника етказиб беришни тўхтатиш ҳамда олдин еткзиб берилган қуролларни Украинадан олиб чиқиш талаб қилинган. Шунингдек, Киевга етказиб берилаётган қуроллар, шунингдек, ҳарбий хизматчилар, жумладан, Америка фуқаролари ҳам қонуний нишон эканлиги айтиб ўтилган.

Россия 2030 йилгача Беларусни тўлиқ назоратга олишни режалаштираётгани маълум бўлди

Бир гуруҳ журналистлар Россия ҳукуматининг 2030 йилга қадар Беларуснинг сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий потенциалини тўлиқ назорат остига олишни режа қилгани ҳақидаги ҳужжатларни қўлга киритди. Ҳужжат 17 варақдан иборат бўлиб, унда Россия ҳукуматининг Беларусдаги сиёсий, мудофаа, савдо ва ижтимоий мақсадлари баён этилган. Аниқланишича, ҳужжатдаги режаларни ишлаб чиқиш 2021 йилда амалга оширилган.

Фото: Беларусь президенти матбуот хизмати

Журналистларнинг айтишича, Россия ҳукумати 2030 йилгача Беларус қонунчилигини ўзлариникига мослаштириш, республиканинг ташқи сиёсатини назорат қилишни ва уни Россия манфаатларидан келиб чиқиб бошқариш ҳамда рус тилининг беларус тилидан устуворлигини таъминлашни режалаштирган. Ушбу режаларни ишлаб чиқишда Россия Қуролли Кучлари Бош штаби, Разведка бош бошқармаси, Ташқи разведка хизмати, Федерал хавфсизлик хизмати ва президент администрацияси бўлими ходимлари иштирок этгани айтилган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.


Ўзбекистоннинг 3 вилоятида 2027 йилгача 4 та янги ИЭС ишга туширилади

Ўзбекистоннинг 3 вилоятида 2027 йилгача 4 та янги ИЭС ишга туширилади

13:18 | 30.09.23 377
Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

12:01 | 30.09.23 243
Тошкентда илк бор Туркий тилли давлатларнинг «Қардошлик санъати» форуми бўлиб ўтади

Тошкентда илк бор Туркий тилли давлатларнинг «Қардошлик санъати» форуми бўлиб ўтади

23:02 | 29.09.23 945
XV Тошкент халқаро кинофестивали янги миллий филмлар тақдимоти билан бошланди

XV Тошкент халқаро кинофестивали янги миллий филмлар тақдимоти билан бошланди

22:17 | 29.09.23 452
Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари ва Германия етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этди

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари ва Германия етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этди

21:49 | 29.09.23 408
UNWTO бош котиби барчани Ўзбекистонга саёҳат қилишга чақирди

UNWTO бош котиби барчани Ўзбекистонга саёҳат қилишга чақирди

20:21 | 29.09.23 456