Фарғона НҚИЗ хом ашёни қайта ишлаш ҳажмини икки баробар кўпайтиришни режалаштирмоқда
«Саноат энергетика гуруҳи» (Saneg) МЧЖ ХК томонидан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизациялаш ишлари давом этмоқда. Модернизация жараёни тугаллангач, 2024 йилга келиб ФНҚИЗда хом ашёни қайта ишлаш ҳажмини икки баробарга, яъни йилига 2 миллион тоннагача, углеводородларни қайта ишлаш чуқурлигини эса 87 фоиздан 92 фоизгача ошириш имконияти туғилади.

«Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг нефть маҳсулотларига бўлган тобора ортиб бораётган эҳтиёжини қондиришдан иборат. Фарғона НҚИЗни модернизация қилиш заводда ишлаб чиқарилаётган нефть маҳсулотлари сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш, хусусан, мотор мойлари сифатини Евро-5 тоифасигача, ёғлаш учун ишлатиладиган мойларни API бўйича II+/III гуруҳ даражасигача ошириш имконини беради. Янги турдаги маҳсулотлар экологик жиҳатдан тоза бўлиб, ташқи бозорда хорижий иштирокчилар билан рақобатлаша олади», — дейди Санег компанияси бош директори Шокир Файзуллаев.
Қайд этилишича, айни пайтда модернизация лойиҳаси доирасида жиҳозларнинг қарийб 40 фоизи етказиб берилган. Кимёвий сув тайёрлаш қурилмасига эга бўлган буғ қозонини лойиҳалаш ва қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Гидрокрекинг, водород ишлаб чиқариш, қисқа циклли ажратиш ускуналари қурилмоқда.
Шунингдек, ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларини бошқариш бўйича ягона марказ қурилиши ҳам давом эттирилмоқда. Бирлаштирилган диспетчерлик хонаси мутахассислари учун иш ўринлари сони 200 дан ортади.
Углеводородларнинг йўқотилиш ҳажмини камайтириш ва завод резервуарлар паркини янгилаш модернизация лойиҳасининг муҳим жиҳати ҳисобланади. Шу муносабат билан Фарғона НҚИЗ лойиҳа-конструкторлик бўлими томонидан 36 та янги резервуарларни қуриш бўйича лойиҳа тайёрланган бўлиб, айни пайтда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда уларни ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилмоқда.
Заводнинг тобора кўпайиб бораётган қувватларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида умумий узунлиги 12 километр бўлган янги ташқи газ қувурини ётқизиш бўйича техник топшириқлар тайёрланган. Ишчи лойиҳага мувофиқ қурилиш материаллари ва ускуналари харид қилинди, қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилган.
«Эски тозалаш иншоотларини нефть маҳсулотларидан тозалаш жараёни давом этаётган бўлиб, кейинчалик иккиламчи қайта ишланганидан кейин улардан яна фойдаланилади. Бу компаниянинг экологик хавфсизлик бўйича мажбуриятларининг муҳим қисмидир», дейилади хабарда.
Модернизация лойиҳасини амалга ошириш ишларига жами 100 дан зиёд махсус техника ва 1000 дан ортиқ ишчи жалб этилган. Бугунги кунда заводда жами 4173 киши меҳнат қилмоқда.
Модернизация ишларининг якунланиши Фарғона НҚИЗнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини ошириш имконини беради.
Аввалроқ «Саноат энергетика гуруҳи» компанияси ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон энергетика тизими тўғрисида тарқалаётган хабарларга расмий муносабат билдирганди. «Ўзбекистондаги барча газ ва нефть конлари давлат мулки бўлган ва шундай бўлиб қолади», дейилганди унда.