Ҳиндистонда ўзбек-ҳинд ҳамкорлигида ҳарбий ўқув машғулотлари бошланди — фото
Ўзбекистонлик 45 нафар ҳарбий хизматчи ўзбек-ҳинд ўқув машғулотларида иштирок этиш учун Ҳиндистонга етиб борди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон Мудофаа вазирликлари ўртасида имзоланган икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режасига мувофиқ Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 45 нафар ҳарбий хизматчиси 2023 йилнинг февраль-март ойларида «Дўстлик—2023» биргаликдаги ўзбек-ҳинд ўқувида иштирок этиш учун Нью-Деҳлидаги Индира Ганди номидаги халқаро аэропорт орқали Уттаракханд штатининг Питхорагарх шаҳридаги тоғли ҳудудда жойлашган Garhwal Rifles 14-батальонига етиб келди.


«Дўстлик-2023» ҳамкорликдаги ўқув машғулотларининг тантанали очилиш маросими Ўзбекистон ва Ҳиндистон республикаларининг давлат байроқларини майдонга олиб чиқишдан бошланди. Шундан сўнг, икки иштирокчи мамлакат шарафига аввал Ҳиндистон, ундан кейин Ўзбекистон давлат мадҳиялари ҳиндистонлик ҳарбий оркестр садолари остида янгради. Тадбирда иштирок этган Garhwal Rifles 32-бригада командири нутқ сўзлаб, ушбу ўқув машғулотларни ташкил этиш ва ўтказиш учун катта имкониятлар яратиб бераётган икки мамлакат давлат раҳбарларига самимий миннатдорчилигини изҳор этди.

Тантанали тадбирдан сўнг ҳамкорликдаги ўқув машғулоти иштирокчилари учун Ҳиндистон қуролли кучларида фойдаланиладиган қурол-аслаҳалар таништирилди.
Маълумот учун, ўзбек-ҳинд ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари 20 февралдан 5 март кунига қадар давом этади. Ҳамкорликдаги машғулотлар доирасида икки давлат ҳарбий хизматчиларининг шартли террористик гуруҳларини қидириб топиш, йўқ қилиш, тоғли тўсиқларни енгиб ўтиш ҳамда тоғли ўрмон шароитларида жанговар операцияларни бажариш каби махсус вазифалар ҳамда спорт ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Аввалроқ Фарғона гарнизонида жанговар-тактик ўқув машғулотлари бошлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирокида ўқув машғулоти бўлиб ўтганди.